Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Тошкент шаҳар суди судьялари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, билимини ошириш ва айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинади. Шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтди.
“Исломшунослик” факултети талабалари учун “Шариат ва қонунчилик” мавзусида ташкил этилган мазкур учрашувда Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари Рустам Норхўжаев, судья Зулфия Бердимуратова томонидан жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиши, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар, оила қонунчилиги ва айниқса шаърий никоҳдан ўтиш билан чегараланишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жамиятда оиланинг тутган ўрни ва роли, бу борада мамлакатимизда амалга оширилган муҳим ислоҳотлар, оилавий муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Оила кодексида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар хусусида тушунчалар олган талабалар судьяларнинг иш фаолиятида содир бўлган ҳаётий мисоллари орқали мавзуни янада аниқроқ англашди. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар ҳам олишди.