Саудия Арабистони Қўшма Штатларни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда The Guardian Саудия разведка манбасига таяниб хабар берди. Ушбу манбага кўра, Ар-Риёд нафақат ҳарбий кампанияни давом эттиришга, балки уни кучайтиришга ҳам чақирмоқда.
Саудия Арабистони манбаси қиролликнинг амалдаги раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Доналд Трампни Эронга қарши урушни давом эттиришга ундагани ва АҚШ-Исроил кампанияси Яқин Шарқни қайта шакллантириш учун «тарихий имконият» эканлигини тасдиқлаган.
24 март куни The New York Times манбага таяниб хабар беришича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШ президенти Доналд Трампни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бўшаштирмасликка чақирган. Манбага кўра, валиаҳд шаҳзода Доналд Трампни ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга ва Эрон ҳукуматини йўқ қилишга ундаган.
Шунингдек, Саудия Арабистони Эрон томонидан ҳужумга учрамоқда. Бир ҳафта олдин Қизил денгиз соҳилидаги Янбу портидаги SAMREF нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилинган эди.