Нью-Йоркда кучли қор бўрон сабаб махсус огоҳлантириш эълон қилинди. АҚШ Миллий метеорология хизмати қалин қор ёғиши ва музламалар давом этиши прогноз қилмоқда.
Ноқулай об-ҳаво оқибатида энг кўп зарар аэропортларга етди. FlightAware хизмати маълумотларига кўра, Жон Кеннеди, Ла-Гвардия ва Нюарк аэропортларида жами 886 та рейс бекор қилинган. Нью-Йорк расмийлари аҳолига зарур бўлмаган сафарлардан воз кечишни ва имкон қадар уйда қолишни тавсия қилди. Тhe New York Times'нинг ёзишича, шаҳар сўнгги уч йилдаги энг кучли қор бўронини бошдан кечирмоқда.
Қўшма Штатларнинг бошқа ҳудудларида ҳам экстремал об-ҳаво кузатилмоқда. Мамлакат Ғарбида ҳам авиақатновларда узилишлар қайд этилмоқда. Айниқса Калифорнияда вазият оғир, штатда кучли ёмғирлар, шамол ва сув тошқинлари юз бермоқда.
Los Angeles Times маълумотига кўра, Калифорнияда тошқинлар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган. Лос-Анжелеснинг шимоли-шарқидаги ҳудудларда, жумладан Райтвудда, лой-сел оқимлари уйлар ва йўлларга зарар етказган, автомобилларни сув оқими олиб кетган, дарахтлар илдизи билан қўпорилган.
Штат губернатори Гэвин Ньюсом бир нечта ҳудудларда, жумладан Лос-Анжелес ва Сан-Диего округларида, фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.