Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Нукусдаги намойишга узоқ муддат тайёргарлик кўрилганми – Қорақалпоғистондаги ҳуқуқ фаолларининг фикри эшитилди

Нукусдаги намойишга узоқ муддат тайёргарлик кўрилганми – Қорақалпоғистондаги ҳуқуқ фаолларининг фикри эшитилди

Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳуқуқ фаоллари Азимбай Атаниязов ва Арсланбай Утепов ҳамда "Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш" ННТ ҚР бўлими бошлиғи Гулсара Жоллыбекова билан учрашишди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзаро мулоқот давомида Қорақалпоғистондаги намойишлар ва унинг келиб чиқиши сабаблари бўйича жамоатчилик фикрлари ўрганилди.

Хусусан, ҳуқуқ фаоллари томонидан Конституциявий ислоҳотлар бошланганиданоқ коллмарказ, Телеграм-бот канал ва бошқа онлайн платформалар ишга туширилгани ва бу воситаларнинг барчаси аҳолининг таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари учун амалга оширилган зарур тадбирлар ҳисобланиши қайд этилди. Умуман олганда аҳолига ўзининг хоҳиш-иродасини билдириши учун зарур чора-тадбирлар кўрилгани хусусида фикр билдирилди.

Муҳокамалар жараёнида фуқароларни ташқи кучлар томонидан бошқариш ҳамда молиялаштириш масаласи ҳам кўтарилди.

Шунингдек, намойишчиларнинг ички кечинмалари ва аҳолини тинчлантириш учун ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан кўрилган чоралар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилди. Бунда асосий эътибор инсон ҳуқуқларини бузиш ва шахс эркинликларига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқлашга қаратилди.

Намойишга олдиндан тайёргарлик кўрилганми ёки бу фуқароларда тўсатдан норозилик кайфиятининг уйғониши натижасида юзага келган ҳолатми? Мазкур масала атрофида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Шунингдек, Комиссия аъзолари сўнгги йилларда Қорақалпоғистондаги ўзгаришларга ҳуқуқ фаолларининг фикрлари билан ҳам қизиқишди.

Учрашувда ҳуқуқ фаоллари ва ННТ вакилининг барча фикрлари диққат билан тингланди, керакли маълумотлар олинди. Ҳозирда қўлга киритилган маълумотлар тегишли тартибда ўрганилмоқда.

Киритилди: 11:05 20.08.2022. Ўқилди: 2657 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!