Бугун 5 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Номаълум шахслар Тожмаҳални портлатиш билан таҳдид қилди

Номаълум шахслар Тожмаҳални портлатиш билан таҳдид қилди

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати Туризм бошқармаси Агра шаҳридаги машҳур Тож Маҳал мақбарасини портлатиш билан таҳдид қилинган электрон почта хабарини олди. Бу ҳақда PTI хабар берди.

Тож Маҳалнинг хавфсизлиги учун масъул шахс Сайид Ариб Аҳмадга кўра, Туризм бошқармаси таҳдидли мактубни дарҳол полицияга тақдим этган. Шундан сўнг махсус гуруҳ, хизмат итлари жамоаси ва бошқа хавфсизлик хизмати ходимлари Тож Маҳал ҳудудини текшириш учун етиб борган. Хавфсизлик текшируви давомида ҳудудда ҳеч қандай шубҳали нарса топилмаган.

“Уттар-Прадеш Туризм офисига Тож Маҳални портлатиш билан таҳдид қилинган электрон почта хабари юборилган. Биз электрон почта мазмунига мувофиқ ҳеч қандай шубҳали нарса топмадик”, дейди Ариб Аҳмад.

Маълумот учун, Тож Маҳал XVII асрда Бобурийлар сулоласи императори Шоҳ Жаҳон томонидан унинг рафиқаси Мумтоз Маҳал хотирасига атаб қурилган. Ушбу мақбара Ҳиндистоннинг энг машҳур меъморий обидаларидан бири бўлиб, UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва дунёнинг етти янги мўъжизасидан бири сифатида тан олинган. Расмий маълумотларга кўра, Тож Маҳалга ҳар йили 7-8 миллион маҳаллий ва тахминан 1 миллионга яқин халқаро туристлар ташриф буюради. Улар асосан қиш фаслида, айниқса октябрь-март ойлари оралиғида боради, чунки бу даврда об-ҳаво қулай бўлади.

Киритилди: 09:15 04.12.2024. Ўқилди: 509 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!