Бугун 26 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ногиронлик ёки ёш бўйича нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризага қандай ҳужжатларни илова қилиш лозим?

A A A
Ногиронлик ёки ёш бўйича нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризага қандай ҳужжатларни илова қилиш лозим?

— Ногиронлик ёки ёш бўйича нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

* ёш бўйича нафақа тайинлашда — ариза берувчининг ёшини тасдиқловчи ҳужжат (паспортдан кўчирма ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси);

* яшаш жойидан берилган маълумотнома, унда барча оила аъзоларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йиллари, қариндошлик даражаси, нафақа сўраб мурожаат этган шахс оиласи ҳар бир аъзосининг турмуш кечириш манбалари кўрсатилган бўлиши керак;

* ариза берувчи оиласининг умумий  даромади тўғрисида маълумотнома;

ногиронлик бўйича нафақа тайинлашда — ТМЭКнинг ногиронликни тасдиқловчи хулосаси;

* боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа тайинлашда — боқувчисининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва болаларнинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар нусхалари.

Болаликдан ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан тайинланади. Нафақалар барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат этилган кундан бошлаб тайинланади. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда ариза тақдим этилгандан кейин 10 кундан кечикмай кўриб чиқилади. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда ижтимоий таъминот бўлими тегишли қарор чиқарилгандан сўнг 10 кундан кечикмай рад этилганлик тўғрисидаги билдиришни ариза берувчининг қўлига беради ёки почта орқали юборади ҳамда бир вақтнинг ўзида барча ҳужжатларни қайтаради.

Туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимининг қарори устидан ариза берувчи юқори ташкилотга шикоят қилиши мумкин. Ариза берувчи жавобдан қониқмаган тақдирда низо белгиланган тартибда суд орқали ҳал қилинади.

2021 йил 1 февралдан бошлаб:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 747 300 сўм;

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 238 610 сўм;

энг кам ёшга доир пенсиялар – ойига 466 680 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 466 680 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 286 390 сўм;

I ва II гуруҳ ногиронларига олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратилган.

Ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сонини белгилайди ва захирада сақлайди. Иш берувчи белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи томонидан йўлланган ногиронларни ишга қабул қилиши шарт.

ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир. I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. I ва II гуруҳ ногиронларига ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.

Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар рўйхатига киритилган. Муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади.

Саволга Избоскан туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси А. Ғуломжонов жавоб берди.

 

Киритилди: 13:11 26.04.2021. Ўқилди: 2845 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!