Бугун 1 май, 2026 йил, жума

O'ZB

Ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади

A A A
Ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш маъмурий регламенти;

ногиронлиги бўлган ёшларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратиш маъмурий регламенти тасдиқланади.

Белгиланишича, субсидиялар Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир ногиронлиги бўлган ёшнинг талабига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда ажратилади.

Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ёшлар ишлари агентлиги буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини компенсация қилиш ҳақида ариза берувчилар электрон реестри ахборот тизими негизида «Ёшлар реестри» ахборот тизимини яратиш ҳамда унга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини 2021 йил 1 апрелга қадар модул яратган ҳолда ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилиш чораларини кўради.

Ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш регламентига кўра, ўқиш харажати учун субсидия ажратиш бўйича давлат хизматини кўрсатишда қуйидагилар иштирок этади:

а) давлат хизматлари марказлари ариза берувчи келиб мурожаат этганда унинг номидан сўровномани тўлдириб, Ёшлар ишлари агентлигига юборади;

б) Ёшлар ишлари агентлиги:

тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўлиқ ва асосли эканлигини (шу жумладан, ёш фуқаронинг ногиронлигини, у ўқимоқчи бўлган нодавлат таълим ташкилотида тегишли йўналиш бўйича ўқитиш ваколати мавжудлигини) текширади;

маълумотлар тўлиқ ва асосли эканлиги тасдиқланганда ариза берувчига ўқиш харажати учун субсидия ажратилиши ҳақида электрон тизимга маълумот киритади, бу ҳақида ариза берувчига смс-хабарнома юборади ҳамда нодавлат таълим ташкилоти жойлашган ҳудуддаги маҳалла ёшлар етакчиси зиммасига ариза берувчининг нодавлат таълим ташкилотида касб-ҳунар, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ёки хорижий тилларни ўрганишини мониторинг қилиш вазифасини юклайди;

ҳар ойлик ўқитиш хизмати кўрсатилгандан сўнг Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бшқармаси сўровига мувофиқ нодавлат таълим муассасаси томонидан тақдим этилган ариза берувчига ўқитиш хизмати кўрсатилганлиги тўғрисида ҳисоб-фактура, бажарилган ишлар далолатномаси ҳамда маҳалладаги ёшлар етакчисининг ариза берувчи ўқишини мониторинг қилиш натижалари бўйича ижобий тавсиясига асосан ўқиш харажати учун субсидияни Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармаси ҳисобрақамига ўтказади;

в) Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармаси келиб тушган субсидияни нодавлат таълим муассасасининг ҳисобрақамига ўтказади.

Киритилди: 13:33 08.03.2022. Ўқилди: 2036 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!