Бугун 13 декабрь, 2019 йил, жума

O'ZB

Ночор оилада улғайиб, истеъдоди ортидан Forbes ва Гиннес рекордидан ўрин олган Бритни Спирс

Ночор оилада улғайиб, истеъдоди ортидан Forbes ва Гиннес рекордидан ўрин олган Бритни Спирс

Поп йўналиши ижрочиси, раққоса, қўшиқлар муаллифи, актриса ва Гремми мукофоти совриндори Бритни Спирс  38 ёшга тўлди.

Бритни 1981 йилнинг 2 декабрида Миссисипи штатининг Маккомб шаҳрида туғилган. Онаси мактаб ўқитувчиси, отаси ошпаз бўлган Бритнининг болалигини бахтли ўтган деб бўлмайди. Алкоголга ружу қўйган отасининг кўз ўнгида онасини калтаклаганини кўриб улғайгани, руҳий жароҳатлар унинг бугунги кунда сариқ матбуот учун шов-шувли мавзуга айланган психологик депрессиялари сабабларидандир балки…

Forbes’нинг энг бой аёллари рўйхатида етакчи бўлган қўшиқчининг болалигида оилавий шароити оғир бўлгани, баъзида егулик ва уни харид қилгани маблағ бўлмаганига ишониш қийин бўлса ҳам бу ҳақиқат. Онаси Линн бу ночор вазиятдан чиқиш учун қизларидан умид қилган ва уларни турли кастинг ва танловларга олиб борган.

Онаси барча маҳаллий танловларда иштирок этиб бўлган Бритнини Атлантадаги машҳур «Микки Маус клуби» номли телевизион шоуга олиб боради ва айнан ушбу шоу унинг карьерасининг бошланиши бўлган. 8 яшар Бритни Disney каналидаги «Микки мауснинг янги клуби» шоусининг энг кичик иштирокчиси бўлади ва у ерда бўлажак юлдузлардан Кристина Агилера ва Жастин Тимберлейк билан танишади.

Кейинчалик Бритни Манхеттендаги Professional Performing Arts School’да актёрлик маҳоратидан таълим олади. 1992 йилда, 10 яшар бўлажак юлдуз Star Search (юлдузни излаб) номли танловда ғалаба қозонади. 1998 йиллар Spice Girls ва Backstreet Boys сингари  йигит ва қизлардан иборат гуруҳлар модада бўлган вақтда Jive Records лейбли Бритнида катта салоҳиятни кўради. Бўлажак юлдуз Backstreet Boys’нинг продюссери бўлган Макс Мартин билан танишгач, Baby one more time альбомини ёзиш учун 4 ойга Швецияга кетади ва у ердан ҳақиқий юлдуз бўлиб қайтади.

Аслида Бритни каттароқ ёшли тингловчиларга мўлжалланган, Sheryl Crow сингари  гитара чалиб, муаллифлик қўшиқларини  ижро этишни режалаштирганди. Лекин продюссерлари уни ёш тингловчилар кумирига айланишини истади. Саҳнада поп-ритмни яхши ҳис қилиши, вокал ва рақс имкониятлари юқорилиги продюссерлар танлови тўғри бўлганини исботлайди.

Унинг жарангдор овози, услуби ва рақсга тушиши мухлислар қалбидан жой ола бошлади. Шундан кейин Бритни ўнлаб қўшиқларни тингловчилар эътиборига ҳавола этди. Қўшиқчининг 1999 йилдаги дебют Baby one more time альбоми уни дунёга танитди. 5 та мувафаққиятли хитни ўз ичига олган альбом, катта резонансларга сабаб бўлди. Суратлари журнал ва газеталар муқовасидан «Йил янгилиги» сифатида жой олди, радио ва телевидениедаги мусиқий чартларни Бритнисиз тасаввур қилиб бўлмасди. The Daily Yomiuri нашри  уни «Ўсмирлар орасидаги энг истеъдодли қўшиқчи» сифатида эътироф этган бўлса, Rolling Stone журнали «Рок-н ролл қироличаси» деб атади.

2000 йилда мухлислар эътиборига ҳавола этилган Oops!...I Did it Again альбоми Бритнининг Поп юлдуз сифатидаги мавқейининг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлди. 2001 йилда Britney номли иккинчи альбом, орадан 2 йил ўтиб, учинчи — In the zone альбоми чиқарилди ва альбомдан ўрин олган Toxic сингили учун қўшиқчи Гремми мукофотига лойиқ топилди.

Greatest Hits: My Prerogative қўшиқлар жамланмаси 2004 йилда, Blackout альбоми 2007 йилда чиққан бўлиб, ундаги Gimme More қўшиғи бутун дунёда хит бўлган. Piece of me қўшиғи бир вақтнинг ўзида «Энг яхши поп қўшиқ», «Энг яхши аёллар видеоси» ва 2007 йилнинг «Энг яхши видеоси» деб топилган. 2008 йилда Бритни янги Circus альбомини чиқаради ва ундаги Womanizer сингили Американинг энг машҳур қўшиқларидан тузиладиган Billboard Hot 100 хит-парадида етакчилик қилган. Шундан кейин унинг The  Singles collection, Femme Fatale, Britney Jean альбомлари чиққан.

Американинг овоз ёзиш компаниялари ассоциацияси маълумотига кўра, Спирснинг альбомлари бутун дунёда 100 миллиондан ортиқ, пластинкалари 200 миллиондан ортиқ сотилган. Дебют альбоми бўлган Baby one more time 30 миллион, Oops!...I Did it Again эса 26 миллион нусхада сотилган бўлиб, илк ҳафтада биргина АҚШнинг ўзида 1 319 193 нусхада сотилиб, Гиннеснинг рекордлари китобига кирган. Мана шу икки альбомдан кейин Бритни сўнгги 10 йилда энг кўп қўшиқлари сотилган қўшиқчи, 2012 йилда  Forbes’нинг энг кўп ҳақ тўланадиган қўшиқчиси деб топилган.

Спирс нафақат қўшиқчи, балки актриса сифатида ҳам яхши маълум. У бир қанча телевизион шоу ва дастурларда иштирок этган. 2002 йилдаги «Чорраҳа» фильмида у бош ролни ижро қилган. 2008 йилда у ҳақида биографик фильм суратга олинди. 2018 йилда яна бир бор Forbes’дан ўрин олган қўшиқчининг йиллик даромади 30 миллион долларни ташкил қилади. 2019 йилда Бритнининг B10 деб аталиши таҳмин қилинаётган альбоми чиқарилиши режалаштирилган.

Киритилди: 06:28 03.12.2019. Ўқилди: 1326 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!