Бугун 5 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

НКМК ярим йилда 2,38 млрд доллар соф фойда олди

НКМК ярим йилда 2,38 млрд доллар соф фойда олди

«Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича молиявий натижаларини очиқлади.

Компания ҳисоботига кўра, январь-июнь ойларида НКМКнинг соф тушуми 7 млрд 67 млн долларга етган. Бу 2025 йилнинг худди шу даврида қайд этилган 4,7 млрд долларлик кўрсаткичдан 49,9 фоиз юқори.

Комбинат даромадларининг ўсиши асосан жаҳон бозорида олтин нархининг қимматлаши билан изоҳланган. Хусусан, Лондон қимматбаҳо металлар бозорида олтин котировкалари сезиларли равишда кўтарилган.

Шу билан бирга, НКМКда олтин ишлаб чиқариш ҳажми бироз қисқарган. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида 1,51 млн трой унция олтин ишлаб чиқарилган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1,54 млн трой унцияни ташкил этган. Пасайиш 1,8 фоизга тенг бўлган.

Ҳисоботда олтин ишлаб чиқариш таннархи ҳам сезиларли ошгани қайд этилган. Бир трой унция олтин учун харажат 1 647 долларга етган. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу кўрсаткич 1 164 доллар бўлган. Шу тариқа, таннарх қарийб 41,5 фоизга ошган.

Компания бу ўсишни бир нечта омил билан боғлаган. Жумладан, олтин нархининг юқори бўлиши ортидан ер қаъридан фойдаланганлик учун тўловлар — роялти ҳажми кўпайган. Ушбу харажатлар таннархнинг 31 фоизини ташкил этган. Бундан ташқари, инфляция сарф материаллари нархига ҳам таъсир кўрсатган.

Таннарх ошишига «Мурунтов» конида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича харажатлар кўпайгани ҳам таъсир қилган.

Яна бир омил сифатида миллий валюта курси кўрсатилган. Олти ой мобайнида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 6,1 фоизга мустаҳкамланган. Компания ҳисоб-китобига кўра, бу ҳолат бир унция олтин ишлаб чиқариш харажатини 101 долларга оширган ва таннархдаги умумий ўсишнинг 8,7 фоизига тўғри келган.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, НКМКнинг соф фойдаси 2 млрд 382 млн долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 57,2 фоиз кўп.

Киритилди: 19:30 04.10.2026. Ўқилди: 325 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!