Биласизми? Яхши саёҳат инсон дуноқарашини юксалтириши билан бирга унинг турли хил маданият ва қадриятларга оид билмларини оширишга хизмат қилади. Сўнгги вақтларда давлатлараро ўзаро маданий, дипломатик алоқаларнинг ўрнатилиши саёҳацевар ҳамюртларимизга бир қатор қулайликлар яратди. Хусусан “stat.uz” сайти берган маълумотларга кўра, 2024-йилнинг январ-сентябр ойларида жами 4,5 млн нафар ўзбекистонликлар туристик мақсадларда чет элга саёҳат қилишди.
Фарз қилайлик, сиз ўз уйингиздан узоқлашиб, янги тажрибалар, бир биридан гўзал манзил ва маданиятлар кашф қилишни орзу қиляпсиз. Бироқ, саёҳат қилишда нархлар ва харажатлар ҳақида ўйлаш одатдаги хавотирларимиздан биридир. Яхши янгилик шундаки, баъзи жойларга саёҳат қилиш нархлари сиз ўйлагандан анча арзон бўлиши мумкин. Шу боис юртдошларимиз қайси мамлакатларга саёҳат қилишларини аниқлаш мақсадида “Ҳаётингиздаги унутилмас саёҳатни тасаввур қилганингизда, қаерга боришни хоҳлар эдингиз?” деган савол билан кичик “вокс-поп” ўтказдик. Юртдошларимиз ўзлари учун саёҳат қилиш мумкин бўлган қулай ва арзон мамлакатлар сифатида асосан уч мамлакат —Грузия, Туркия ҳамда Озарбайжонни танлашди. Иштирокчиларнинг 30 фоизи саёҳат учун Грузияга ташриф буюриш истагини билдиришди. У ернинг қулай нархлари-ю, сўлим табиати ва қисқа масофада жойлашганлиги боис Грузия ўзбекистонлик туристлар учун жозибали саёҳат манзилига айланди.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида айни шу мамлакатга саёҳат қилган ва боришни режалаштираётган инсонларни кўп учратиш мумкин. Грузияга саёҳат қилиш учун ўзбекистонликларнинг қизиқиши ортаётганининг сабабларидан бири, аввало, қулай нархларда эканлигидир. У мамлакатнинг нархлари Ўзбекистондан кўп ҳам фарқ қилмайди. Келинг, буни бир мисол орқали кўриб чиқайлик. Сиз Тошкентдан Самарқандга 1 ҳафтага дам олгани борсангиз меҳмонхонага жойлашасиз, бирор-бир кафега кириб кофе ичасиз, овқат ейсиз, шундай қилиб 1 ҳафта давомида шу тарзда яшайсиз. Айтайлик, шу муддат ичида 350 доллар ёки 400 доллар пул сарфладингиз. Худди шу нархга Грузияда ҳам 1 ҳафта яшаш мумкин, фарқи шуки, сиз саёҳатга чиққан бўласиз. У ерда саёҳатингизни давом эттирганингизда нафақат дам олиш, балки янги тажрибалар ва унутилмас таассуротлар олиш имкониятига эга бўласиз.
Боришингиз керак бўлган Грузиядаги топ 5 та локация
1. Грузиянинг пойтахти ва энг катта шаҳри бўлган Тбилиси ўзининг бой тарихи, қадимий кўчалари ва замонавий дизайни билан ажралиб туради. Тбилиси кўчалари бўйлаб сайр қилганингизда, сизни ўзгача атмосфера кутмоқда. Нарикала қалъаси, Тбилиси термал ҳаммомлари ва Тбилиси кўприги каби машҳур жойлар, албатта, кўришга арзийдиган ёдгорликлардан биридир. Шаҳар ўзининг гўзал манзаралари, чиройли кўчалари ва меҳмондўст одамлари билан сизни кутиб олади.
2. Тбилисидан атиги 20 км узоқликда жойлашган Мсхета, Грузиянинг қадимий пойтахти бўлиб, ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. У ерда ўзингизни тарихнинг бир қисмида ҳис қиласиз. Светитсховели собори ва Жвари монастири каби диний ёдгорликлар, нафақат архитектураси, балки диний аҳамияти билан ҳам муҳим жой ҳисобланади. Мсхета ўзининг тоза ҳавоси, тарихий руҳи ва шаҳар атрофидаги гўзал тоғ манзаралари билан ҳар бир сайёҳни ўзига ром қилади.
3. Казбеги - бу нафақат табиий гўзалликлари, балки руҳиятни забт этувчи манзаралари билан ажралиб туради. Казбеги тоғининг тепасида жойлашган Гергети Тринити черкови, қишлоқни айланиб чиққан тоғлар ва ажабтовур ҳаво манзаралари, саёҳатчиларни ўзининг сирли сеҳрига тортади. Бу жойнинг табиати, тоза ҳавоси ва жимжитликда дам олиш имконияти сизни бутунлай ўзгартиради. Казбегига саёҳат қилиш, сизни Грузиянинг табиий гўзаллигини чуқурроқ англашга олиб келади. 4. Батуми, Қора денгиз бўйида жойлашган ва Грузиянинг энг машҳур сайёҳлик манзилларидан биридир. Пляжлар, ботаник боғлар, тарихий архитектура ва замонавий иншоотлар - буларнинг барчаси Батумининг гўзаллигини ташкил этади. Шаҳарда денгиз бўйида сайр қилиш, тоза ҳаводан нафас олиш ва пляжда дам олиш мумкин. Шунингдек, Батумидаги ажойиб парклар, мусиқий фонтанлар ва тарихий иншоотлар саёҳатингизга янада ранг-баранглик киритади.
5. Грузиянинг яширин хазинаси ҳисобланмиш Боржоми, табиий гўзаллиги, шифобахш булоқлари ва қадимий тарихий ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига ўзгача тарзда жалб қилади. Агар сиз тоза ҳаво, жозибали манзаралар ва руҳни тетиклаштирувчи дам олишни истаётган бўлсангиз, Боржоми айнан сизга мос келади. Табиатнинг нозик гўзалликлари, минерал сувларининг соғломлаштирувчи таъсири ва ўзига хос шаҳар атмосфераси сизни бутунлай ўзига ром этади. У ўзининг табиий термал булоқлари, енгил тоғ шамоллари ва қалбни хотиржамлаштирувчи манзаралари билан сизга унутилмас бир тажриба тақдим этади. У ерда жойлашган Боржоми-Кҳарагаули миллий паркида сизни улкан ўрмонлар, бетакрор тоғлар ва тоза ҳаводан бошқа ҳеч қандай стресс кутмайди. Сайр қилиш учун энг яхши жойлар, табиати билан дилни қувонтиради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги гастрономик алмашинув, сайёҳлар учун ҳақиқатан ҳам ажойиб имкониятдир, чунки бу икки мамлакатнинг таомлари нафақат бой маданият ва тарихдан, балки ўзига хос, унутилмас таъм ва хушбўйликдан илҳомланган. Грузия ошхонасининг энг машҳур таомларидан бири хачапури бўлиб, бу пишириқ маҳсулоти ўзининг илиқ, юмшоқ хамирига тўлдирилган пишлоқ ва тухум билан, ҳар бир тишламида ўзига хос, жозибали таъмни тақдим этади. Хинкали - гўшт, сабзавот ва зираворлар билан тўлдирилган, нозик тузилишга эга хамир таоми бўлиб, ҳар бир лаззатнинг уйгунлиги билан, ҳар бир нонушта ёки тушликни унутилмас қилади. Лобио эса, мазали ва ёғли дуккакли таом бўлиб, турли хил зираворлар ва янги ўсимликлар қўшилиши билан, ўзига хос ва жуда бой таъмни тақдим этади. Харчонинг ўзига хос таъми, аччиқ мазаси билан узоқ вақт хотирангизда қолади. Бу таом совуқ қиш кунларида, дўстлар ва оилангиз билан бирга ўтказилган хушмуомала ва илиқ учрашувларда, ўзининг илиқлиги ва таъми билан қалбни хушнуд этади.
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий алмашинув, фақатгина тарихий обидалар ва гастрономик алмашинув билан чекланмайди, балки икки мамлакатнинг халқ санъати, мусиқа, рақслар ва адабиётига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Иккала мамлакатда ўзига хос фестиваллар ва маданий тадбирлар ўтказиш сайёҳлар учун ноёб тажриба яратади. Масалан, Ўзбекистондаги “Наврўз” фестивали, Грузияда эса “Тбилиси Жазз Фестивал” каби тадбирлар халқнинг анъаналари ва маданиятини кўрсатади. Бу фестиваллар ва тадбирлар, сайёҳларни нафақат туризм нуқтаи назаридан, балки маданий меросни ўрганиш ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни ривожлантириш учун ҳам катта имконият яратади.
Бу икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳурматга асосланган муносабатлар нафақат тарихий илдизларга, балки замонавий даврда ҳам ўзаро алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади. Бу алоқалар, ҳар икки халқнинг маданияти, анъаналари ва урф-одатлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаб келмоқда. Бугунги глобаллашув даврида эса, ўзбек ва грузин халқлари ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда дўстона алоқалар янада ривожланмоқда. Грузия давлатининг сайёҳлар учун қулай виза режими ва ўзбек тилини тушунадиган инсонларнинг мавжудлиги ҳам ўзбекистонлик саёҳатчилар учун қўшимча қулайлик яратади. Кўплаб меҳмонхоналар ва ресторанларда ўзбек тилида сўзлашадиган ходимлар мавжуд бўлиб, бу саёҳатчиларга ўзларини қулай ҳис қилиш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистонда олиб бориладиган туризм турларига тарихий ва маданий обидалар бўйича саёҳатлар, табиий ландшафтларни кашф этиш, маданий тадбирлар ва фестивалларни кўриш киритилган. Грузияда эса табиий гўзалликлар, тоғли ҳудудлар ва тарихий жойлар бўйича саёҳатлар, шунингдек, денгиз бўйидаги дам олиш турлари мавжуд. Бу икки давлатнинг тарихий, маданий ва гастрономик бойликлари сайёҳлар учун қизиқарли ва ранг-баранг тажрибалар яратади. Шунингдек, маданий алмашинув ва ўзаро дўстликни ривожлантириш икки халқ ўртасидаги яқинлашишни кучайтиради ва халқаро туризмни янги даражага олиб чиқади.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультетининг
“Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқлар” йўналишининг
4-босқич талабаси Зиёдуллаева Хумора Илҳом қизи