Бугун 21 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Никоҳ учун тўланадиган маҳрнинг бугунги қиймати қанча?

A A A
Никоҳ учун тўланадиган маҳрнинг бугунги қиймати қанча?

Маҳрнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидаги миқдори ва унинг ҳозирги кунимизда ва бугунги валютада қанчага тўғри келиши ҳақида кўплаб саволлар берилади ва баъзилар буни ўзича, бир томонлама ҳисоблаб, урф-одатларимиз ва иқтисодий шароитимизга тўғри келмайдиган даражада катта миқдорда чиқариб қўяётган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Аввало имом Ҳоким ва Байҳақийлар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлари ҳадиси шарифда маҳрнинг энг хайрлиси энг енгили эканлиги айтилганини таъкидлаш зарур. Бошқа бир ҳадиси шарифда никоҳнинг энг хайрлиси энг енгили эканлиги айтилган. Бундан мурод маҳри эркак кишини қийнаб қўймайдиган даражада бўлган никоҳдир.

Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: "Совчилиги осон бўлиши, маҳри енгил бўлиши ва ҳомиладорлиги ҳам осон бўлиб, фарзанд туғиши ҳам осон бўлиши аёл кишининг баракотли эканлигидандир” (Имом Аҳмад ривояти. Ҳасан ҳадис).

Демак, куёв томонни машаққатга солмайдиган даражада маҳрнинг енгил бўлиши мазкур аёлнинг баракотли эканлигидан экан.

Бироқ, шундай бўлса-да, маҳрнинг энг кўп миқдори чегаралаб қўйилмаган. Эҳтимол баъзилар ўз имкониятига қараб ва ўз хоҳиши билан турмуш ўртоғига жуда катта миқдорда маҳр беришни истар. Шундай ҳолатда уни ман қилиш адолатдан бўлмасди.

Аммо маҳрни ҳаддан ташқари ошириб юбориш ва уни урфга айлантириш ҳам динимизда маъқулланмайдиган ишлар сирасига киради. Чунки, бу ҳолатда эркакларнинг уйланиб, қизларнинг турмушга чиқиши жуда қийин бўлиб кетади. Боз устига, юқорида келтирилган ҳадиси шарифлар ҳам маҳр масаласида ҳаддан ошиш нотўғри эканлигига далолат қилади.

Шу билан бирга, маҳрнинг энг оз миқдори ҳанафий мазҳабида 10 дирҳам кумуш тангадан иборат деб белгиланган. Албатта, фиқҳий китобларимизда бунинг ақлий ва нақлий далиллари мавжуд.

Шундай қилиб, маҳрнинг юқори чегараси белгиланмаган. Энг оз миқдори эса ҳанафий мазҳабига кўра 10 дирҳам кумуш тангадан иборат бўлиши айтилди. Хўш, асри саодатда қанча миқдорда маҳр берилган? Фиқҳий китобларимизда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида урфда бўлган маҳр миқдори тўрт юз дирҳамни ташкил этганлиги қайд этилади. У зот қизларининг маҳри шундай бўлган. Аёлларининг маҳри эса 500 дирҳам бўлганлиги ҳадисларда вориддир.

Бошқа ҳадисларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аёллари ва қизлари учун маҳр тайинлашда 12 уқиядан оширмаганликлари тилга олинади. Бир уқия қирқ дирҳамга тенг. Шунга кўра, ўн икки уқия 480 дирҳамни ташкил этади. Бир дирҳам кумуш танга эса 2.975, яъни қарийб 3 граммдан иборат бўлган.

Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) айтадилар: "Аёлларнинг маҳри масаласида ҳаддингиздан ошиб, чегарадан чиқиб кетмангиз. Зеро, у (яъни маҳр ёхуд уни ошириш) дунёда бир фазилат, Аллоҳ наздида эса тақво бўлганда эди, уни оширишга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичингизда энг ҳақлироқ бўлардилар. Ваҳоланки, у зот аёллардан бирортасини ёхуд қизларидан бирортасини ўн икки уқиядан кўп пулга никоҳламаганлар" (Термизий ривояти).

Шу боис ҳам кўплаб олимлар маҳр беришда мазкур миқдордан оширмаслик афзаллигини таъкидлайдилар. Бизнинг мазҳабимизда эса мазкур миқдор 400 дирҳам сифатида белгиланган.

Энди 400 дирҳам кумуш танганинг бугунги кун валютасига нисбатан неча пулни ташкил этиши ҳақида суҳбатлашамиз.

Қадимда олди-берди муносабатларида олтин ва кумуш тангалар муомалада бўлган ва улар динор ва дирҳам деб аталган. Динор бу олтин танга, дирҳам эса кумуш танга.

Дирҳамнинг динорга нисбатан қиймати бирга ўн (1*10) бўлган. Масалан, 20 динор икки юз дирҳам билан айирбошланган. Закотнинг нисоби тиллада 20 динор бўлса, кумушда 200 дирҳам бўлган ва ҳоказо. Бунда муомаладаги икки хил пулнинг бир-бирига нисбатан қиймати эътиборга олинган, уларнинг оғирлиги эмас.

Лекин замонлар ўтиши билан кумушнинг тиллага нисбатан қиймати пасайиб борган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кумушнинг тиллага нисбатан қиймати бирга ўн бўлса, яъни бир динор тилло ўн дирҳам кумушга тўғри келган бўлса, ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу даврларига келиб бирга ўн икки (1 динор = 12 дирҳам) бўлди. Аббосийлар даврига келиб, бирга ўн беш (1 динор = 15 дирҳам) бўлиб қолди. Ва ниҳоят фотимийлар даврига келиб бирга ўттиз тўртгача тушиб кетди. Яъни бир динор тилло танга 34 дирҳам кумуш тангага тенг бўлиб қолди.

Шунга кўра, суннатга мувофиқ бўлган маҳрнинг бугунги валюталардаги миқдорини икки хил услубда ҳисоблаш мумкин. Бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидек, бирга ўн қийматда. Яъни, 400 дирҳам: 10 = 40динор x 4.25 грамм = 170 грамм тилла. Демак, бунда ундан ошириш мустаҳаб ҳисобланмайдиган маҳр миқдори 170 грамм тилло миқдорида бўлади.

Лекин, 170 грамм тилло қайси тамға (проба) бўйича бўлиши мақсадга мувофиқ, деган савол туғилади. Гап шундаки, қадимдаги тилло динорлар 22 карат тамғали бўлган. Метр тизимида бу 916 проба дегани. Бироқ, бугунги кунда кўп юртларда тилла буюмлар 14 карат яъни 585 ёхуд 583 проба билан ишлаб чиқариляпти. Шунга кўра, 14 карат тамғали тилла буюм грамининг бозордаги ўртача нархидан ҳисобланаверса ҳам бўлади, валлоҳу аълам.

Аммо кумушнинг тиллага нисбатан қийматининг Пайғамбаримиз замонларидан то бугунги кунгача бир неча баробар тушиши ва тилла билан кумуш ўртасида катта тафовут пайдо бўлганлигини ҳисобга олсак, “400 дирҳам”нинг қуйидаги миқдори келиб чиқади.

Иккинчи услуб: 400: 34 = 11,7647058824 х 4,25 = 50 грамм тилло. Шунга кўра, 50 грамм тилланинг бозордаги ўртача нархи бўйича маҳр бериш суннатга мувофиқ бўлган ва ундан ошириш мустаҳам саналмайдиган миқдор бўлади. Ҳисоблаймиз: 50 грамм тилло х 230 минг сўм = 11 500 000 сўм.

Бордию, бир грамм тиллани 200 минг сўм деб оладиган бўлсак, у ҳолда 50 грамм тилла миқдори 10 миллион сўмга тўғри келади. Бу эса ҳадиси шарифларда келган ва Набий алайҳиссалом ўз қизлари учун белгилаганлари ва уламолар сўзига кўра ундан ошириш марғуб бўлмаган маҳр миқдори бугуннинг пулида тахминан 1000$ (минг доллар) нари-берисида бўлишини англатади.

Уйланмоқчи бўлаётган одам суннатга мувофиқ бўлган маҳр миқдорининг бугунги пуллардаги тахминий миқдорини билмоқчи бўлса, мазкур икки хил услуб ва миқдорга кўз ташлаши мақсадга мувофиқ.

Бироқ, менинг ожизона ва шахсий фикримча, иккинчи услубда келтирилган миқдор суннатга мувофиқ бўлган маҳр миқдорига кўпроқ тўғри келади. Зеро, кумуш билан тиллонинг бир-бирига нисбатан қийматлари орасидаги тафовут кунимизда жуда катталиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ҳам анчадан бери, закот миқдори ҳам фақат тилло миқдорида ҳисоблаб келинади. Маҳрда кумуш асос қилинаётганининг боиси эса маҳр кумушда берилганлигидир. Шунинг учун ҳам маҳр миқдорини белгилашда кумушдан келиб чиқяпмиз.

Боз устига, юртимиз аҳолисининг молиявий ҳолатига ҳам ушбу миқдор биринчи вариантдагидан кўра кўпроқ мос келади. Бинобарин, маҳр таъйин қилишда шу суммадан ошириб юбориш мақталмайдиган иш бўлади. Бундай ўйлаб қаралса, 50 грамм тилло ҳам кичкина пул эмас.

Аслида ўзаро розилик асосида бўлса ва юқорида айтилганидек, 10 дирҳам кумуш танга миқдоридан тушиб кетмаса, эркакни қийнаб, ҳаражга туширмайдиган даражада бўлса, маҳр миқдори қанча бўлса ҳам бўлаверади. Албатта, 400 дирҳам кумуш миқдорида берилиши шарт эмас. Балки, ҳар бир юртда бу борадаги ўз урфу одатларига қараб берилаверади.

Шу билан бирга маҳрнинг енгил бўлиб, эркак ва аёлнинг бир-бири билан турмуш қуришларига тўғаноқ бўлмайдиган даражада бўлиши, ҳадиси шарифларига кўра, энг хайрли ва баракотли маҳр ҳисобланишини эслатиб ўтмоқчимиз. Афсуски, баъзи давлатларда маҳрда ҳаддан ташқари ғулув кетилганлиги оқибатида турмуш қуриш ёши жуда катталашиб кетяпти ва қанчадан-қанча қизлар ўтириб қоляпти. Бу ҳам бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўгитларидан узоқлашишнинг аянчли оқибатидир.

Алишер Султонхўжаев,

Azon.uz

Киритилди: 14:54 04.10.2019. Ўқилди: 68012 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!