Нидерландия ҳукумати 9 декабрь куни қироллик чегарасида назоратни жорий қилади, бу назорат олти ой давомида амал қилади. Бу ҳақда Нидерландия миграция ва бошпана масалалари бўйича вазири Марьолейн Фабер маълум қилди.
Вазир бу "вақтинчалик ва истисно чора" эканлигини айтди.
De Telegraaf газетасининг ёзишича, янги чоралар ноқонуний миграцияга қаратилган. Фабер Европа Комиссияси, ЕИ Кенгаши, Европа Парламенти ва Европа Иттифоқи мамлакатларини қарор ҳақида хабардор қилди.
Чегара назорати Нидерландия қироллик ҳарбий полицияси томонидан амалга оширилади. Нашрда текширувлар айнан қаерда ташкил этилиши ва нечта пункт ўрнатилиши ҳақида маълумот берилмаган. Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат расмийлари вақт ўтиши билан "текширишлар сонини кўпайтиришни" режалаштирмоқда.
Фабернинг тушунтиришича, қўшимча назорат фақат 9 декабрдан жорий этилиши мумкин, чунки тегишли қарор қабул қилингандан кейин камида тўрт ҳафта ўтиши керак.