ПСЖ ҳужумчиси Неймар Франция чемпионатининг 3-тури доирасида «Марсель»га қарши ўйиндаги (0:1) ҳаракати учун жиддий жазо олиши мумкин. Бу ҳақда RМC нашри хабар қилди.
Франция Лигаси тартиб-интизом қоидаларига кўра, футболчининг ўйиндан ташқари вазиятдаги агрессив ҳаракати еттитагача ўйиндан дисквалификация қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мазкур учрашувдаги ҳолатлар бўйича қарор Лига 1 тартиб интизом қўмитасининг 16 сентябрь кунги йиғилишида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Неймар «Марсель» ўйинчиси Альваро Гонсалеснинг бошига қўли билан зарба берган, ҳакам видеотакрорлардан сўнг ҳужумчига қизил карточка кўрсатганди.
Неймар испаниялик футболчини ирқчилик руҳидаги сўзларни ишлатганликда айбламоқда. Бироқ Гонсалес бу айбловларни рад этди ва Неймарга ютқазишни ҳам билиш кераклигини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, ўйин ўта асабий руҳда ўтди. Ўйин сўнгида юзага келган жанжал оқибатида учрашув ҳаками Жером Бризар 5 футболчига қизил карточка кўрсатди. Учрашувда футболчилар жами 17 та карточка билан сийланди