Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Нега “тўртинчи ҳокимият” тушунчаси қонунларда йўқ?

Нега “тўртинчи ҳокимият” тушунчаси қонунларда йўқ?

Бу саволни тўққизинчи синф ўқувчиси берди. Аслини олганда, биринчи, иккинчи ва учинчи ҳокимият деган атамалар ҳам қонунчиликда аксини топмаган, дедим мен. Аммо оммавий ахборот воситаларининг жамият тараққиётида тутган ўрни юксак баҳоланган ҳолда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва назорат қилувчи ҳокимият органлари қаторига қўйилишини имкон қадар содда изоҳлаш пайида бўлдим.

Навқирон юртдошимизнинг кейинги саволига жавоб беришга бироз қийналдим: нега одамлар кўчада, тўйда, тадбирда бошқача гапирадию телевизорга чиқса умуман ўзга мулоҳазаларни билдиради?

Дарҳақиқат, ҳурматли эркаклар чойхоналарда, қадрли аёлларимиз гаштагу базмда мавжуд муаммоларни миридан-сиригача таҳлил қилишади. Ҳатто ўзлари билмаган ҳолда мақбул ечимларни ҳам айтишади. Бироқ микрофон тутган журналист қаршисида “изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераяпти, ҳеч қандай муаммо йўқ, барча имкониятлар яратилган” деган гапдан нарига ўтмайди. Масалан, ҳозирги вақтда муаллимларнинг аввалги берилган ойлик маошларидан бир қисмини қайтариш талаб қилинаяпти. Бунда ўқитувчининг айби йўқлиги, у шу дарсни амалда ўтганини ҳеч ким расман айтмайди ОАВга. Бош оғриқ кўпайишидан безишади.

Бу эса оммавий ахборот воситалари соҳаси либераллашмаганидан, жамият аъзоларининг аксариятида эркин фикр кўникмаси шаклланмаганидан далолатдир. Ҳатто тўғрисини гапирсанг жазолашади, деб ўйлагувчилар ҳам кам эмас. Бинобарин, бундай дунёқараш билан тараққий топган давлатлар қаторига кириш мушкул.

Шунинг учун ҳам O’zLiDePнинг Сайловолди дастурига айни масала ҳал қилувчи йўналишлардан бири сифатида киритилган. Партиянинг бу борадаги энг муҳим вазифаси оммавий ахборот воситаларини том маънодаги “тўртинчи ҳокимият”га, аҳоли эҳтиёжларини ҳокимият органларига етказишнинг таъсирчан робитаси янглиғ демократия кўзгусига айлантиришдан иборатдир. Давлат органлари фаолиятига танқидий ва холис муносабат билдириш, турли соҳалардаги камчиликларни, долзарб муаммоларни аниқлаш ва ёритиш ОАВ фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлиб қолиши лозим.

Хуллас, либерал-демократлар мамлакатимизнинг глобал ахборот маконига уйғун кириб бориши ва интеграциялашуви, халқаро ахборот алмашинуви соҳасида унинг мавқеини мустаҳкамлаш, ахборот маконидаги бозор муносабатлари ва адолатли рақобатни ривожлантириш, рақобатбардош нодавлат медиа-гуруҳларнинг вужудга келиши ва миллий журналистика институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадини қўймоқда.

Шунингдек, барча аҳоли пунктлари ва таълим муассасаларига замонавий оптик толали интернет алоқа тизимини олиб кириш ва интернет хизматлари нархини пасайтириш, ташқи интернет каналлари орқали интернет трафиклари сотиб олиш ва мамлакатга тарқатиш бўйича монополлашувга йўл қўймаслик долзарб аҳамият касб этади.

Тўққизинчи синфда ўқийдиган суҳбатдошим айтилган масалаларнинг амалга ошиши билан ҳаётимиз қанчалик ўзгаришини кўз олдига келтира бошлади. Менимча, энг муҳими шунда – эртанги кунга ишонч уйғота билашда. Демак, тадбиркорлар партияси мўлжални ҳам аниқ олган, стратегияни ҳам тўғри танлаган.

Омон ЭСОН

Киритилди: 09:41 18.11.2019. Ўқилди: 5443 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!