Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Назр қилиш тақдирни ўзгартирадими?

Назр қилиш тақдирни ўзгартирадими?

Мусулмон киши ҳамиша фарз амаллардан ташқари уни Аллоҳ таолога севикли банда қиладиган турли нафл ибодатларга эҳтиёж сезади. Аммо бу тоатларни тарк этишга ҳам рухсат берилган.

Бу қурбатлар уни олий даражаларга, улуғ саодатга етказади. Бироқ, инсон табиати тарк этишга рухсат берилган ибодатларни бажаришда сусткашлик қилади. Чунки унда нафсни қийнаш ҳамда уни  машаққатга солиш бор. 

Агар инсон  мана шу ибодатларни ўзига вожиб қилиб олса, нафсини уларни адо қилишга мажбурлайди ва вафо қилишга уринади.  Бу эса назр қилиш орқали рўёбга чиқади . 

Бизнинг мазҳабимизда назр қилиш мандуб амал ҳисобланади. Назр қилгандан кейин эса унга вафо қилиш эса вожибга айланади. 

Халқимиз орасида “агар фарзанд кўрсам, Аллоҳ учун фақирларга фалон нарсани садақа қиламан”, “агар ўқишга кирсам Аллоҳ учун фалон кун рўза тутиб бераман” деган гаплар билан назр қилиш кенг тарқалган. Назр қилувчилар одатда адо этиладиган ибодатларни келажакда бўлишини истаган бирор муҳим нарсага боғлаб назр қиладилар. 

Шунда инсонда “назр тақдирни ўзгартириши мумкин” деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Чунки улар баъзан “назр қилган ибодатим мен бўлишини истаган нарсамни рўёбга чиқаради” деган умидда бўлишади. Бу гап қанчалик ҳақли. Бу ҳақда Китоб ва суннатда нима дейилган. Қуйида ана шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз. 

Аллоҳ субҳанаҳу таоло ҳар бир нарсани ўз қадари билан яратган. Шунга кўра натижаларга олиб борадиган турли хил сабаблар ҳам тақдир қилиб қўйилган бўлади. Чунки бу олам аслида сабабият оламидир. Ҳақ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ   

“Албатта биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”(Қамар, 49)

 Назр ҳам тақдир қилинган сабаблардан ҳисобланади. Сабаблар эса фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси остида жорий бўлади. Уларнинг барчасини  Аллоҳ таоло Ўз илми билан белгилаб қўйган.

Ибн Арабий айтадилар: “Назр ҳам дуога ўхшайди. Шунинг учун у қадарни қайтармайди. Аммо назр ҳам  дуо каби қадардандир”. 

Анас розияллоҳу анҳуда ривоят қилинган марфуъ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ الصدَقَةَ تَدفَعُ مِيتَةَ السُوءِ 

“Албатта садақа ўлим ёмонлигини даф қилади” (Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳи Бухорий.)

Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ҳадиснинг зоҳири ҳамда Ибн Арабийнинг “назр қадарни қайтармайди” деган сўзлари қарама-қарши келиб қоляпти. Уламолар иккаласининг ўртасини қуйидагича жамлаганлар. Садақа ўлим ёмонлигини даф қиладиган сабабдир. Шунинг учун сабаблар воқеалардан олдин юзага чиқади. Улар ўша ҳодисалар бўлишидан аввал юзага чиқиши белгилаб қўйилган бўлади. 

قد قال صلى الله عليه و سلم لمن سأله عن الرقى هل ترد من قدر الله شيئا قال هي من قدر الله 

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “тумор тақдирдаги бирор нарсани қайтарадими?!” дея савол берган кишига: “у тақдирдандир” деб жавоб берганлар. Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилган (Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳи Бухорий.)

Аллоҳнинг Расули ташқи кўринишга ҳам эътибор қаратардилар(ми?)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга кетаётган пайтларида, у ерда ўлат тарқагани ҳақида эшитиб, Мадинага қайтишга қарор қилганлар. Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан “эй мўминлар амири Аллоҳнинг тақдиридан қочасизми?!” деб сўраганларида, у киши “Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз” деб жавоб қайтарганлар.

Тиббиётнинг, даволашнинг шариатга киритилиши, ризқ талабида ҳаракат қилиш ва шунга ўхшашлар барчаси Яратувчи Зот белгилаб қўйган сабаблар ҳисобланади.  Ана шу маънода назр ҳам тақдирни ўзгартирмайди. Чунки унинг ўзи ҳам тақдирнинг ичидаги нарса саналади. Яъни тақдирига назр қилиш битилган кишигина назр қилишга муваффақ бўлади. 

Xonzodabegim Doniyorova,
 "Jo'ybori Kalon" islom ta'lim muassasi fiqh o'qituvchisi

Manba: azon.uz

Киритилди: 05:15 20.01.2020. Ўқилди: 6631 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!