Наврўз айёми муносабати билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним” эзгу ғояси остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан дошқозонда осилган сумалак барчани янги кун ва фаслни қарши олишга чорлади. Тадбир ҳам рамзий маънода дарахт экиш маросими билан бошланди. Сўнг асосий қисмга ўтилиб, Қўнғиротбой Шарипов вазирлик жамоасини Наврўз айёми билан табриклади ва эзгу тилакларни билдирди.
– Шу кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда. Мана шундай шодиёна айёмда вазирлик ва тизим ташкилотларида меҳнат қилаётган жамоага энг эзгу тилакларимни изҳор этаман, – деди вазир.
Бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фолклор-этнографик ансамблларининг чиқишлари, шунингдек, ташриф буюрган санъаткорлар томонидан ижро этилган халқ оғзаки ижоди термаларидан намуналар, она Ватанни, тинчликни, обод ва озод юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага қувонч улашди.