Россия КХДРнинг ядровий дастурини аскарлар ва қурол эвазига қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда НАТО хабар берди.
"Москва Шимолий Кореянинг ракета ва ядровий дастурларини қўллаб-қувватлаш орқали БМТ санкцияларини бузмоқда. Бундай вазият Корея ярим оролидаги барқарорликни издан чиқариши мумкин, — дея баёнот берди NATO бош котиби Марк Рютте.
Рюттенинг сўзларига кўра, Пхенян режими ўз ракеталарини нафақат Шимолий Атлантика альянсининг минтақавий ҳамкорлари – Жанубий Корея ва Японияга, балки Европа ва ҳатто АҚШга қарши йўналтириши мумкинлиги хавфи мавжуд.
КХДР ядровий қурол ишлаб чиқариши сабаб халқаро санкциялар остида. Ушбу давлатга бир йилда 500 минг баррелдан ортиқ нефт сотиб олиш тақиқланган. Аммо Оpen Source Centre тадқиқот маркази ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил март ойидан бошлаб Россия Шимолий Кореяга 1 миллион баррелдан ортиқ нефт етказиб берган.
Бундан олдин Британиянинг Тhe Times газетаси ғарб разведкасидаги манбаларга асосланиб, КХДР Россияга ҳар йили 3 миллион донага яқин снаряд етказиб беришини хабар қилган эди. Шунингдек, Киев маълумотларига кўра, Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россияга юборилган шимолий кореялик ҳарбийларнинг сони 12 минг кишига етиши мумкин.