НАТО саммити арафасида аъзо давлатлар 2035 йилгача мудофаа харажатларини сезиларли даражада кўпайтириш ва ЯИМнинг 5 фоизигача етказиш бўйича келишувга эришди. Бу қадам Россия таҳдиди ва АҚШ босимига жавоб сифатида баҳоланмоқда.
dpa, AFP ва Reuters агентликларининг хабар беришича, 22 июн куни НАТОга аъзо 32 давлат 2035 йилгача мудофаа харажатларини мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизигача ошириш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Ҳаагада 24–25 июн кунлари бўлиб ўтадиган НАТО саммитининг якуний ҳужжатида баён этилиши кутилмоқда.
Ҳужжатга кўра, ЯИМнинг 3,5 фоизи тўғридан тўғри ҳарбий харажатлар учун, 1,5 фоизи эса терроризмга қарши кураш ва ҳарбий мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган инфратузилма — масалан, танкларга чидамли кўприклар, темир йўллар ва портларга сарфланади.
Айни вақтда НАТО аъзолари учун белгиланган минимал мудофаа сарфи ЯИМнинг 2 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткични ошириш эҳтиёжи, асосан, Россиянинг Украинага қарши уюштирган уруши ва Доналд Трампнинг Европа ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулият олиши кераклиги ҳақидаги талаблари билан боғлиқ.
АҚШнинг НАТОдаги доимий ваколатхонаси мазкур келишувни олқишлади. Германия эса бу ташаббусни май ойида Туркияда ўтган ташқи ишлар вазирлари учрашувидаёқ қўллаб-қувватлаган. 2024 йилда Германия ЯИМнинг 2,1 фоизини мудофаага сарфлаган. Канцлер Фридрих Мерцнинг таъкидлашича, бу кўрсаткични 5 фоизга етказиш учун йилига 225 млрд евро ажратиш талаб этилади.
АҚШ, Греция ва Латвия каби мамлакатлар бундай харажатларни бемалол амалга ошириши кутилмоқда. Испания эса бу режаларни танқид қилган ва фақат 2029 йилда кўрсаткичлар қайта кўриб чиқилиши ҳақидаги модда туфайли ҳужжатни қўллаб-қувватлашга рози бўлган. НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида эса бирорта давлат учун истиснолар қилинмаслиги таъкидланди.