Айни дамда Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтмоқда.
Мазкур фестивални Наманган халқаро аеропортидан бошланадиган 200 дан ортиқ ранг-баранг гулларга бурканган автокарвон очиб берди.
Гуллар фестивали доирасида Наманган шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига халқаро модалар ҳафталиги, фолклор гуруҳларининг чиқишлари, ҳунармандлар кўргазмаси, санъат асарлари, лазер, дрон, иллюзия ва талант шоулари, ҳалқаро этноспорт, назм ва наво ҳамда аския кечалари, 80-90 йилларнинг ретро қўшиқларидан ўрин олган дастурлар, гастрономик фестивал, болажонлар учун цирк томошалари, аттрацион ҳамда бошқа кўнгилочар ўйинлар намойиши бўлиб ўтди. Фестивалнинг очилиш маросимида ҳукумат вакиллари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари, чет эллик меҳмонлар, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Фестивалда тажрибали гулчилар ҳамда ҳаваскор гул етиштирувчилар ҳам иштирок этди.
"62-Халқаро гуллар фестивали"нинг очилишида Наманган ва республиканинг бошқа вилоятларидан 200 дан ортиқ гул етиштирувчи тадбиркорлар ва Хитой халқ республикасининг Юинян провинсиясининг 6 нафар делегация аъзолари ўзларининг гул кўргазмалари ҳамда 70 дан ортиқ йирик композициялари билан иштирок этишди.
Очилиш тантаналарига 518838 нафардан ортиқ томошабин ташриф буюрди.
Улардан Андижон, Фарғона ва Республикамизнинг турли вилоятларидан 121390 нафар, шунингдек, Наманган вилоятининг туманларидан – 390808 нафар маҳаллий, 18 та хорижий давлатлардан – 6640 нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилди.
Халқаро гуллар фестивалига қўшни Қирғизистон Республикасидан (5839 нафар) энг кўп мехмон ташрифи кўзга ташланди. Кейинги ўринларда Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари (283, 149 нафар)дан ташриф буюрган сайёҳлардир. Бундан ташқари Россия, Хитой, Туркия, Бангладеш, Ҳиндистон каби давлатлар фуқароларининг ҳам фестивалда иштироки кузатилди.
Сайёҳлар нафақат "Заҳириддин Мухаммад Бобур" боғида ташкил этилган гуллар фестивали, шунингдек Наманган шаҳрининг фаҳри, марказий Осиёда ягона ҳисобланган "Афсоналар водийси" тематик паркида ташкил этилган маданий тадбирлар, консерт ва бошқа кўнгилочар тадбирларда қатнашишди.
Жорий йил байрам 21 майдан 21 июнгача давом этади. Шу вақт оралиғида Наманган шаҳрига 3,5 млн нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюриши кутилмоқда.
Мухбир: Шаҳбоз Сирожиддинов
Фотограф: Умид Сапаев