ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилояти ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда «Ислом давлати» террористик ташкилоти ғоялари таъсирига тушган 21 нафар шахс қўлга олинди.
Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу гуруҳ етакчиси, Поп тумани Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро ижтимоий тармоқларда ноқонуний каналлар яратиб, унга «Ислом давлати» террористик ташкилоти ғояларини тарғиб қилувчи материалларни тарқатиб келган.
Аниқланишича, ушбу фуқаро ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш давомида айни пайтда Жанубий Кореяда мавсумий ишлаб келаётган Фарғона вилояти Учкўприк туманида рўйхатда турувчи шахс билан танишиб, унинг виртуал таъсирида террористик ташкилотлар фаолиятига жалб қилинган.
Бундан ташқари, мазкур шахслар ота-оналарининг розилигисиз шаръий никоҳдан ўтган ҳолда келгусида жанговар ҳаракатлар амалга оширилаётган ўчоқли ҳудудларга ҳижрат қилиб кетишни режалаштирган. Шунингдек, улар ўзининг ҳаракатларига узоқ қариндоши ва маҳалладошини жалб қилиб келган.
Қонунбузарлар ижтимоий тармоқларда яширин каналлар ташкил қилиб, унга ўзининг яқин қариндошлари, маҳалладошлари ҳамда экстремизмга мойил бўлган шахсларни аъзо қилиб, уларга террористик ташкилотларнинг амалга ошираётган қўпорувчилик ҳаракатлари, қатл саҳналари, қонли жанглар, амалдаги давлат тузумини куч билан ағдариб ташлашга қаратилган ғояларни сингдириб келган.
Тезкор тадбир давомида жамоат аъзоларидан диний адабиётлар, ахборот ташувчилар ва бошқа ашёвий далиллар тегишли тартибда, холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Тадбир натижасида фош қилинган мазкур жамоатнинг наманганлик 4 нафар етакчиларига нисбатан Жиноят кодексининг 244 прим 1 ҳамда 244 прим 2 моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 2 нафарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Қолган 17 нафар аъзоларга нисбатан тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.