Наманган вилоятида далашийпонда 3 килограмм гиёҳвандлик моддалари сақлаган 35 ёшли фуқаро ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
5 ноябрь куни Чуст тумани Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида шу туманда яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро дала ер майдонига қурилган далашийпонда нашасимон ўсимликни сақлаб келаётгани аниқланган. У ердан 3 та синтетик қопда 5 та кичик елим пакетга ўралган ва 3 дона гугурт қутиси ичига солинган ўткир ҳидли гиёҳвандлик воситаси топилган.
Кимёвий экспертиза хулосасига кўра, текшириш учун тақдим этилган ўсимликлар “марихуана” ўсимлиги экани аниқланган ва ушбу моддаларнинг соф оғирлиги 3 килограммга тенглиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.