Наманган вилоятида KIA Bongo ва MAN юк машиналари ўзаро тўқнашуви натижасида бир киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Қайд этилишича, 2020 йил 8 октябрь куни соат 14:30 ларда Наманган–Пунгон йўлининг 62-километрида Наманган шаҳрида яшаган, 1981 йилда туғилган фуқаро KIA Bongo русумли автомашинасини бошқараётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган.
Оқибатда ҳайдовчи йўлнинг ўзига нисбатан қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, Пунгон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Уйчи туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган MAN русумли юк машинаси билан тўқнашиб кетган.
Натижада KIA Bongo русумли автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2020 йил 15 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.