Жорий йилнинг 26 октябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган “Эски ер” сув омборидан 3 нафар одам жасади топилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, 2020 йил 26 октябрь куни соат 17:00ларда Янгиқўрғон тумани, Навкент маҳалласида яшовчи аёл Н.Ғ. (1984 йилда туғилган, судланмаган, уй бекаси) шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғининг оиласига тегишли бўлган, 2,0 гектар тутзор учун ажратилган ер майдонининг 50 сотихини укасига бериб юборганлигидан норози бўлиб, бу ҳақида хат ёзиб қолдирган.
У 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан тумандаги “Янгиқўрғон эски ер” сув омборига келиб, омборнинг бошланиш қисмига фарзандларини кетма-кетликда сувга ташлаб, уларни чўкиб ўлганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг, ўзини ҳам сувга ташлаб, жонига қасд қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.