Август ойи аввалида MY5 телеканали орқали “Очиқчасига гаплашамиз” номли кўрсатув эфир вақтида узиб қўйилгани кенг омма муҳокамасига сабаб бўлди. Мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш борасида қилинаётган ислоҳатлар, ҳукумат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётган очиқлик сиёсати хусусидаги бахсларга сабаб бўлган мавзу юзасидан 5 август куни Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги телеканал раҳбариятига огоҳлантириш хати билан мурожаат қилган.
Мурожаатда кўрсатувда келтирилган фактлар, далиллар аҳоли орасида нотўғри тасаввур уйғотиши рўкач қилиниб, бир нечта таклифлар, хусусан, телеканал фаолиятини чеклаш, лицензиясини тугатиш ёки мансабдорларга маъмурий ёки жиноий жазо қўллаш каби масалалар келтирилади.
Айнан шу можаролар ортидан “Очиқчасига гаплашамиз” кўрсатуви ёпилгани, Қобул Аҳмедовнинг MY5 ва “Ёшлар” телерадиоканалидан бўшатилгани айтилмоқда.
Канал директори Қобул Аҳмедов MY5 раҳбариятидан кетгани, “Ёшлар” телеканалидан таътилга чиққани ҳақида ўзининг фейсбукдаги саҳифасида эълон қилди. Бироқ, кўрсатув муаллифи Амирхон ишлашда давом этаётгани, унинг фаолияти билан “Марказий студия” дастурида танишиб бориш мумкинлигини ёзиб қолдирган.
Эслатиб ўтиш лозимки, куни-кеча бўлиб ўтган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева сўз эркинлиги масаласига алоҳида урғу қаратиб, агар танқидлар бўлмаса, биз яхши ишламаган бўлардик. Танқидлар бор экан, бизнинг ишимизда сал-пал силжиш бўляпти. Шунинг учун улардан хафа бўлмасдан, танқидларини тўғри қабул қилиб, улар билан ҳамкорликда, яъни тизимли ишлашни илтимос қиламан, дея таъкидлаган эди.