Мўмин киши бу дунёда яшар экан доимо ҳар бир ҳаракати, юриш-туриши ва гапираётган гапига ҳисоб-китоб қилинишини унутмаслиги керак. Инсонлар билан муомала қилганимизда баъзи одамлар билиб-билмасдан бировни ҳақорат қилиш, қабиҳ сўзлар билан камситиш, ҳатто “падарингга лаънат”, “лаънати” деган сўзларни гапираётганини эшитиб қоламиз. Аслида, мусулмон одам бошқа одамга “лаънати” деган сўзни қўллаши тўғрими?
Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳнинг бирор кимсани лаънатлаганини ҳеч эшитмадим. Фақат инсоннигина эмас (бошқа нарсаларни ҳам)”.
Солим яна айтади: Абдуллоҳ ибн Умар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мўмин киши лаънатловчи бўлмайди”, деганларини айтиб берган. Бу ҳадиси шарифда баён қилинганидек мўмин киши лаънатловчи бўлмас экан.
Сўкиш, лаънат айтиш, хусусан “лаънат” деган сўзни ишлатишдан жуда эҳтиёт бўлишимиз лозим. “Лаънат” сўзи луғатда лаънатламоқ, қарғамоқ, узоқлаштирмоқ ва ҳайдамоқ маъноларини билдиради. Истилоҳда эса, “Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш” деган маънони англатади. Шунинг учун, эътиқодимизда маълум бир шахсни, ҳатто кофир бўлса ҳам, лаънатлаб бўлмайди. Ояти карималардаги кофирларга айтилган лаънат умумий бўлиб, жоиздир. Бироқ, маълум бир шахсни лаънатлаб, унга “Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейиш жоиз эмас. Келинг, гапимиз ҳужжатли бўлиши учун “Ҳакимул умма” деб таърифланган Ашраф Али Таҳонавий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-мухтасар фил фиқҳ ал-ҳанафийя” номли асарларида ақоид бобида келтирилган қуйидаги сўзларга эътибор қаратсак:
“Мусулмон одам бирор кишига “Эй кофир” деб хитоб қилмоғи жоиз эмас. Шунингдек, бирор одамни айнан ўзини лаънатлаш жоиз эмас. Балки “золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, “ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейилади. Лекин, Аллоҳ ва расули бир одамни “кофир” деб, номлаган бўлса, ёки айнан бир инсонни ўзига “лаънат бўлсин” деган бўлса – буларга ишлатиш жоиз бўлади”.
Демак, юқорида қайд этилган сўзларга кўра, лаънатлаш ёки лаънат сўзини ишлатишда жуда эҳтиёт бўлишимиз лозим ва лобуддир.
Аллоҳ таоло барчамизни динимиз таълимоти ва эътиқодимизга кўра ҳаёт кечиришимизни насиб айласин!