Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Мусулмон бўлган яҳудий қиссаси

Мусулмон бўлган яҳудий қиссаси

Ҳижрий олтинчи аср охирлари. Шиа алавийларининг бошлиқларидан бирининг яҳудий хизматкори бор эди. Яҳудий ўзининг соҳиби бўлмиш алавийга омонат билан, садоқат билан хизмат қилар эди. 

Бир куни шайх Абу Бакр Ҳарроний роҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари билан ҳалиги алавийнинг зиёратига бордилар. Улар алавийга дейишди:

- Барча ишинг яхши экан-у, аммо мана бу яҳудийни хизматкор қилиб олганинг яхши бўлмабди.

Алавий деди:

- Нега? У менга омонат ва садоқат билан хизмат қилади.

Улар дейишди:

- Агар унда сен айтган сифатлар бўлса уни исломга даъват қилиб кўрчи!

Алавий хизматкорига киши юбориб чақиртирди ва унга исломни арз қилди. Яҳудий деди:

- Мен Мусони буюк пайғамбар деб биламан. Агар яҳудийлар унинг хотинини фоҳишаликда айблашганда, отасини, асҳобларини сўкишганда унга ҳаргиз эргашмаган бўлар эдим. Мен мусулмон бўлсам кимга эргашаман?!

Улар дейишди:

- Хизмат қилаётган соҳибингга эргашасан.

Яҳудий деди:

- Йўқ! Мен бунга рози эмасман.

Улар сўрашди:

- Нега рози эмассан?!

Яҳудий деди:

- Чунки соҳибим пайғамбарининг хотини Оиша ҳақида оғзига келган гапни гапиради. Пайғамбарининг асҳобларини, Абу Бакр ва Умарларни сўкади. Мен Муҳаммадга эргашиб сўнг унинг хотинларини фаҳшда айблаб, саҳобаларини сўкиб, лаънатлаб юришни истамайман. Ундан кўра динимда қолганим афзал.

Алавий бир оз жим қолиб сўнг деди:

- Қўлингни бер! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳис салом Унинг қули ва пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераман ҳамда ўтган барча ишимдан тавба қиламан!

Шунда яҳудий ҳам деди:

- Мен ҳам Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳис салом Унинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман. Исломдан ўзга барча дин ботилдир!

Ҳофиз Зиёуддин МАҚДИСИЙнинг
"Ан-наҳйу ан саббил асҳоб" китобидан Абдулқодир Полвонов таржимаси.

Киритилди: 09:39 03.08.2020. Ўқилди: 4992 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!