Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Мурод Муҳаммад Дўст: «Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек мақоллари кўп: «Оч қорним – тинч қулоғим»

Мурод Муҳаммад Дўст: «Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек мақоллари кўп: «Оч қорним – тинч қулоғим»

– Мурод ака, сиздаги аччиқ истеҳзо Ошно билан Мойра муносабатида очиқ кўринади. Мойра гўё Ошно ор-номусининг баҳоси. У эзгулик деб ишонган нарсаларнинг қадр- қиммати кўча қизи Мойранинг иффати каби рўёдир. Дунёга партиявий обрў, давлат нуфузи деган тутумлар орқали қараш чекланган, тор одамга хос. Эҳтимол, ошноларнинг омади шундадир, балки фожиаси ҳам...

– «Лолазор» романидаги Ошно ҳақида гапирадиган бўлсак, тўғрисини айтсам Ошнога ҳам, Яхшибоевга ҳам, айниқса, ёшлик пайтларига айрича бир меҳру муҳаббат билан қараганман. Ошно соддароқ, қув Яхшибоевга нисбатан тозароқ. Унинг тадрижига келсак, Ошнонинг ўрнида бошқа одам бўлганда ҳам айни шу аҳволга тушарди. Мойрани жуда юксакларга кўтариб қўяди, бениҳоя гўзал аёл этиб кўради. Балки у ҳақ бўлгандир. Рости, Ошнонинг ўрнида мен ўзим бўлганимда ҳам шу аҳволга тушардим. Асар охирида қутқу ҳақида бекорга ёзилмаган экан. Мен ҳам озгина амалдор бўлиб кўрдим. Ўшандаям шуни сездим. Бир гап бор-ку: «Власть портит человека, а абсолютная власть портит абсолютно». Ошнони ҳокимият буздими? Бундай қараганда, ҳокимият мавҳум тушунча. Ҳокимият ёки ҳоким қайдан пайдо бўлади? Ошнога биров рост гапирмай қўйди. Ҳатто Яхшибоев ҳам. Атроф шунақа одамлар билан ўралган. Балки ишонмассиз, лекин энг каззоб одам ҳам худо ёрлақаб амалга, ҳукумат тепасига келса, яхши ният билан келади. Лекин келгандан кейин унинг мавқеи, кучи орқали яхши-ёмон ниятларини амалга оширишга интиладиган гуруҳлар пайдо бўлади. Тушунганим шуки, мавқега олижаноб орзулар билан келган одам эзгу ниятларини амалга ошириш ўрнига ҳокимиятини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Ҳаммаёққа шубҳа билан қарай бошлайди. Унинг умри хароб қишлоқни лолазор қилиш эмас, ўзини ҳимоя қилиш билан ўтади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Атрофдагиларни биласиз, сиз зўрсиз, сиздан яхшиси бўлиши мумкин эмас деб мадҳия ўқийди. Хуллас, ҳокимиятнинг моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди.

– Ошнога ҳатто Назар Яхшибоев ҳам тўғри гапни айтмай қўйди дедингиз. Шоҳларнинг қисмати шу шекилли.

– Ҳа.

– Наҳотки, бундан озод бўлолмаса?

– Қийин. Жуда қийин. Бир куни Ислом ака раҳматли «Мурод, мен баъзида қўрқиб кетаман, ҳеч ким менга эътироз билдирмайди. Ахир мен худо эмасман-ку» деб қолди. «Чекингизга тушгани шу, сизга ҳеч ким рост гапирмайди» дедим. Балки одам ўзини ўзи кўпроқ тергаши керакдир. Дастлабки пайтларда у одамларни эшита оларди. Тўқсонинчи йилларда «федерацияга ўтамизми ёки конфедерациягами?» деган савол туғилди. У киши гўё федерация тарафдори бўлди. Биз конфедерация деб туриб олдик. Тўрт киши эътироз билдиравердик. Ниҳоят «сизлар енгдиларинг, конфедерация бўлгани маъқул экан» деганди. Энди мен аслида унинг ҳам кўнгли конфедедерацияга мойил бўлган деб тусмол қиламан, лекин айни ўшал замонда росмана федерация тарафдори бўлиб, биз билан самимий тортишгани бор гап. Кейинчалик, жонли ҳайкал тусини ола бошлаган кезлари ҳам бир-икки марта «мени мақтаманглар, хушомад қилманглар, танқид қилинглар» деб ҳам айтди. «Йўқ, эътироз билдирамиз! Сиз ноҳақсиз, қилаётган тарихий ишларингизга муносиб баҳо бермасак бўлмайди» деб тескариси қилинди. Биз шундай антиқа элатмизки, туппа-тузук ўйлайдиган, фикрлайдиган одамни ҳам охир-оқибат лаганбардорлик қилавериб йўлдан урамиз.

– Истайсанми-йўқми, таққосларда ҳақиқат кўринади. Собиқ иттифоқ даврида арманлар ўзининг мусиқий қобилиятини Арам Хачатурян, Арно Бабажанян, Микэл Таривердиев билан кўрсатди. Озарларда Рашид Бейбутов, Муслим Магомаев ва Кара Караев бор эди. Грузинларнинг руҳий қудратини бир-биридан истеъдодли кино ва театр режиссёрлари олиб чиқди. Қирғизлардан Чингиз Айтматов ўз сўзини айтиб чиқди. Биз-чи? Бизнинг маънавий-маданий ўрнимиз қай аҳволда эди?

– Бу ҳақида мен ҳам кўп ўйлаганман. Грузин кинематографиясини италянларнинг неореализмига таққослаш мумкин. Бизнинг одамларимиз характерида чапанилик бор. Лекин бу на адабиётимизда, на киномизда чиққан. Асарларимизда одамларимиз қўйдай ювош бўлиб қолган. Зора, бизнинг ёзганларимиз далада сепилган ўғитга айланса, яъни гўнгга ўхшатиб сепилса, шу ерда янги оғочлар, янги гуллар ўсиб чиқса, бизнинг хатоларимиздан хулоса чиқарган авлод етишиб чиқса.

Асосий муаммо адабий-маданий муҳитнинг йўқлигида. Ҳозир саводсизлик тантана қилаётган давр. Савия жуда паст. Пауло Коэло билан Харуки Муракамини катта ёзувчи деб айтишади. Менимча, буюк ёзувчилар Маркес билан тугаган. Лекин Коэло ёки Мураками етишиб чиқиши учун ҳам муҳит керак. Бу жамиятнинг умумий саводи билан боғлиқ. Адабий муҳит ёки кинематографик муҳитнинг ёзувчилар ёки киночилар уюшмаси доирасида яратилишига ишонмайман. Ҳар бир одам саводи, диди юксалаётганини ўзи сезсин. Барибир бу масалада оптимистман. Биз қўйдай ювош қилиб тасвирлаган халқ аслида асов ва чапани. У ўз сўзини барибир айтади.

– Асов қилиб тасвирлашга нима халал беради?

– Ички цензурани енгиб ўтиш керак. Биласизми, шўро давридан бошлаб жамиятни ҳадик билан яшашга ўргатиб қўйдик. Бу ҳадик ҳали кўнгилдан чиқиб кетгани йўқ. Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек мақоллари кўп: «Оч қорним – тинч қулоғим», «Яримта нон – роҳати жон». Буларни фазилат санашади. Аслида бу фазилат эмас, қусур.

– Узр, дунёни қабул қилиш борасида гўдаклик босқичида тургандекмиз. Матбуотнинг аҳволи маълум. Сўзга ҳожат йўқ. Кўрсатув ва филмлар телевидение элагидан шу қадар эланадики... Гўё томошабин, аниқроғи, халқ «тегма, куясан» босқичида турган бола...

– Менимча, бу раҳбарларнинг қўрқоқлиги билан боғлиқ. Қўрқоқ. Масалан, мен неча марта кўрдим, бизнинг филмларимизни – ўзим ёзган сценарийларни телевидение қирқиб ташлаган. Тўлиқ-тўлиқ эпизодларни қирқиб кўрсатади. Эпизод тушиб қолгандан кейин филм тўлиқ бўлмай қолади-ку! Жуда бўлмаса «пий-пий» қўйиб, сигнал бериб қўй. «Бир нарса бўлиб қолмасин-да, бир нарса бўлиб қолмасин». Қачон биз дадилликни ўрганамиз? Қачон?! Ўзим ҳам бир нарсани олиб ташлаганман. Шукур Холмирзаев ҳақида ҳужжатли филм қилишганди. Шукур ака гапириб туриб, «Ёзолмай қолсам, ўзимни отиб ташлайман» деди. Кейин мен «Шукур акага айтинглар, ёзолмай қолса ўзим бориб отиб келаман» дедим. Қарасам умуман ёпишмаяпти. Ғалати. Азбаройи «ўзимни отаман» деган гапдан қўрққанимдан қилмаганман. Энди биласиз, Шукур акам озгина рол ўйнар эди. Лекин катта ёзувчи. Ёзганларидаям артистизм сезилади-да.

«Кучукваччанинг кўзининг ўтини олиб қўй, қўрқадиган бўлади» дейишади. Журналистларга бундай муомала қилмасдан, эрк бериш керак. Умуман телевидение дидни тарбиялашига ишонмайман. Телевидение ўзининг вазифасини бажараяпти. Хоҳлаймизми-йўқми, ҳокимиятнинг ғояларини халққа сингдириш учун хизмат қилади. Биттагина умид – ҳокимиятнинг ғоялари юқорироқ, яхшироқ бўлишини одам хоҳлайди. Яъниким кинога, адабиётга, телевидениега қўйиладиган талабнинг юқорироқ бўлишини хоҳлайсан.

– Назар Яхшибоев адабиётда ўрни йўқ, лекин истеъдодидан анча юксак эътироф этилган бир гала миллий классикларнинг ўлмас образи. Ҳамон «Юлдузни кўзлаган қиз» нуқсидаги мақолалар рағбатлантирилади, қурбонойларнинг ўлани эса ҳеч тугай демайди. Лекин «Лолазор» романи қаҳрамонининг ҳақиқатларида сизнинг истагингиз акс этган. У Мурод Муҳаммад Дўстнинг Назар Яхшибоеви. Бу сизнинг орзунгиз... Яхшибоевнинг биз билган издошлари ҳам ҳеч бўлмаса ичида ўзининг ким эканини тан олармикан?

– Адабиётдаги типлар сюжетлар каби ўзгармайди, шекилли. Яхшибоев фаросатли одам, ўзининг неччи пуллик тош эканини билади. Барибир у талантли. Ялтироқ унвонларга, амалларга берилиб, гавҳарни тошга урган одам-да. Лекин бугунги яхшибоевларга қараб, буларда фаросат борлигини билмайман. Фаросат кўрмайман. Яхшибоевда бир гап бор-ку «Худо бўлганда бундай қилолмасдим» дейди. Атеист эди-да у. Буларнинг ҳам кўпи худосиз. Ҳар бир одамнинг кўнглида орият бўлса, ўзини ҳурмат қилса ялоқхўрлик қилолмайди. Хушомад қилаётган одамда мен шахс кўрмайман, ҳурмат қилмайман! Билиниб турибди-ку, таг-тагда илинж ётибди. Замонавий яхшибоевлар ўзидан, ўтаётган умридан мамнун. Улар ўзининг аҳмоқлигини билмайди! ...Ва шуниси билан бахтиёр. Бир замонлар биттаси «Қўшиқ ёзсанг Акмал акадай ёзсанг-да» деганди. Акмал Пўлатни менга мезон қилиб кўрсатганди. Ҳозир Акмал акаларнинг замони келди. Кинода ҳам, журналисткада ҳам, адабиётда ҳам. Баъзида уларга ҳавасинг ҳам келади. Ўзидан мамнун, дунёдан мамнун, у ёзмаса ким ёзади?! Доим ҳозиржавоб туради. Мен яхши гапни айтишга ҳам истиҳола қиламан. Улар яхши бўлсаям мақтайди, ёмон бўлсаям.

– Бир суҳбатингизда «Муҳаббат борасида ёзмасликка ҳаракат қиламан. Муҳаббат деганлари шу қадар буюк ва нозик туйғуки, унга муносиб қаҳрамонлар ва улар айтадиган сўзларни топиш қийин...» ва «Яхшибоевни оқлайдиган ягона нарса – Олияга муҳаббати» дегансиз. Хуллас, муҳаббатга муносиб бўлмоқлик! Бу ҳақиқатга қачон келгансиз?

– Одам бутун умрини қайтадан титкилашига тўғри келади. Муҳаббат ҳақида ёзган ягона нарсам «Дашту далаларда» бўлса керак. Лекин бу ҳам иддао билан ёзилган. Қаҳрамонни атай оддий чўпон қилиб олганман. Яхшибоевнинг Олияга муҳаббати ҳам кўзёши билан ёзилган. Ҳа, у – ўзим. Лекин буни расшифровка қилиш керак эмас. Ҳар бир одам ўзининг ҳаётидан келиб чиқади. Муҳаббат одамни чиройли қилади. Яхши кўрган одам жиннига ўхшайди. Сенинг кўнглинг дунёнинг марказига айланиб қолади. Ўша пайтдаги ҳолатни эслаб қолиб, кўнгилга жойлаб, кейин ҳам жуда узоқлаб кетмасанг, ўшанда яхши оила туғилса керак.

Мурод Муҳаммад Дўст «Окахон» филмида Муродхон ака исмли бойваччанинг ролини ижро этган.

– Лев Толстой мусиқани қалбнинг ибодатига менгзайди, Мурод Муҳаммад Дўст эса «Галатепага қайтиш» асарида «бева кўзёшидай пок» деб таърифлайди. Қалб бу даражага етиб келиб, оҳангни бундай инжаликда баҳолаши ўз-ўзидан эмас, албатта. Буни мен маҳорат эмас, дид деб ўйлайман.

– Бу менинг эсимдан чиқиб кетган экан. Ўзи келган. «Беванинг кўзёшидай пок». Аёлнинг ичидаги айрилиқнинг азоблари йиғлаб-йиғлаб охири тиниқ бир нарсага айланса керак-да. Бу оғир кўзёш томчиси бўлса керак. Биласизми, гўёки таннозлик-олифталик қилаётганга ўхшайсан, лекин ёзаётган пайтда ўзи келиб қолади, буни тушунтириб беролмайсан. Мен прозада оҳангга кўп эътибор бераман. Сўзларнинг ўзидан манзара пайдо қилиш мумкин. Баъзи сўзларнинг ўзида манзара бор, ҳаракат бор. Энди дид масаласига келсак. Дид балким талантдир. Балким талант диддир. Уч-тўрт кундан бери «фаросат» сўзига изоҳ излайман. Дид дедик, зийраклик дедик, зеҳн дедик, луғатларни бугун кўриб чиқдим. Ақл, дид, фаросат, талант... Лекин деҳқонча фаросат ҳам бўлади, саводи бўлмаслиги мумкин, лекин унда бир фаросат борки, бошқаларни қойил қолдиради. Ўзини тутишида, обрў сақлашида, кераксиз сўзни ишлатмаслигида кўринади.

– Дид пачоқ бўлиб туриб, яхши нарса ёзиш қийин бўлса керак...

– Йўқ, ёзиб бўлмайди! Аввал дидни тарбиялаш керак. Шунинг учун ҳам жамиятнинг – адабий муҳитнинг, кинематографик муҳитнинг, мусиқий муҳитнинг шаклланиши-юксалиши учун биринчи ўринда дид керак. Мен бекорга додлаётганим йўқ, ўртамиёна нарсаларни мезон қилиб олаётганимиз бизнинг дидимиз тушиб кетаётганини кўрсатиб турибди. Бўлажак актёрлар, ёш театршунослар билан гаплашганим сайин қайғуга чўмиб бораяпман. Кўп нарса билмайди, кўп нарса ўқимаган. Афсус, мажбур қилолмайсан. Яхши асарнинг миллати бўлмайди. Чукча ўқиса ўзининг чукчачасига тушунади, ўзбек ўқиса ўзбекона тушунади. Ўтиш даврида яшаган одамларнинг шўри қурсин деган гап бор. Сизларнинг авлодларингизнинг чекига шундай давр тушди. Парокандалик бошланди, қалайи-қалбаки даҳолар пайдо бўлди. Ватанпарварликка ортиқча урғу бериб, ҳеч кераксиз фанларни киритиб ташладик. Ура-патриотизм авж олди. «Мустақиллик» сўзини хор қилиб ташламаслик керак. «Мустақиллигимиз» деб бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Қанчалик кам ишлатсак, бу тушунчанинг қадри ўшанча баланд бўлади. Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Наҳотки, фаросатли одамлар йўқ? Бор. Лекин айтгани қўрқади. Ҳукумат, яъни ҳокимият ўзининг манфаатига – ғояларига мослаб байрам ўтказиши мумкин, лекин бунинг учун ярим йил тайёргарлик кўриш керак эмас...

– Назаримда, цензура деган тушову тақиқлар ақлга – таффаккурга эмас, билак кучига суянадиган сиёсатга хос заифлик бўлса керак.

– Энди қўрқитиш, билак кучи билан иш битмайди. Барибир пешонангга милтиқ тирагани билан сен ўйлайдиганингни ўйлайсан-ку. Ҳозир ижтимоий тармоқлар бор. Мен буни жаҳаннам деб айтаман. Яхшиям киради, ёмонам киради. «Алҳамдулиллоҳ» деб бошлайди-да, сал туриб ота-бобосини ахтариб кетади. Одамлардаги илғор ғояларни олиб, кўнглидаги ниятини илғаб, улардан олдинроқ ижро қилиш билан халқнинг кўнглини олиш мумкин. Ҳозир халқнинг кайфияти қандай эканини билиш жуда осон. Ва қайси томонга қараб йўналтиришни, яъни бошқаришни ҳам билса бўлади.

– Мурод Муҳаммад Дўстнинг шахси қайси қаҳрамонида кўпроқ кўринади? Назар Яхшибоев, Саидқул Мардон, Самад ёки олим йигит Ғайбаров...

– Билмадим, балки Ғайбаровдир... Балким... Қиссага кирмай қолган жой бор. Шаҳарга келган қишлоқи йигит Ғайбаров ўзича култур бўлиб, болалигини – эски чориғини унутади. Ўзим ҳам оддий колхозчининг боласиман. Ўзимизча кечаги кунимизга «пуф сассиқ» деб қараган пайтларимиз бўлган. Афанди лайлакнинг оёғи билан тумшуғини қирқиб, «ана энди қушга айландинг» дейди... Биз ҳам ўзимизнинг оёғимиз билан тумшуғимизни қирқиб «ана энди қушга ўхшадик» деб юрган пайтларимиз бўлган. Қиссадан тушиб қолган бу саҳифаларни яқинда топиб олдим...

– Ёзувчи Мурод Муҳамад Дўст, арбоб Мурод Муҳаммад Дўст, шахс Мурод Муҳаммад Дўст – қайси бири кўпроқ ўзлигига хиёнат қилди?..

– Ютқизганда ёзувчи ютқизди. Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ. Фақат вақт кетгани қолди. Амалдор-памалдор бўлиб юрган пайтимда ҳам ўзимга ярим мазах билан қарардим. Ўзимга кулиб қараш одати болаликдан бери бор. Доим ўзимни чеккада туриб томоша қилганман. Баъзида эсдан чиққан – ҳаволанган пайтлар ҳам бўлган. Барибир одамга мансаб ёқади. Жиянларим бирам кўпайиб кетган. Қариндош кўпаяди, дўстлар кўпаяди. Кўтариш жуда қийин. Ҳамма сени талантлисан дейди. Ўзимнинг талантли эмаслигимни билардиму, лекин ёқарди-да. Ишонгим келарди. Сиёсатчи Маҳатма Гандига ўхшаши керак. Битта довоти, битта ручкаси, лекин шиппаги иккита бўлган! Йўқ, шиппаги иккита бўлган экан. Яна бир «нотўғри» ишга йўл қўйган, Лондонга борганда плаш кийган. Чунки совуқ. Одамнинг атрофида қариндош-уруғлар бўлмаса жуда катта ишлар қилиши мумкин. Ўшанда халқ ҳам ишонади. Ганди манфаатларни сидириб ташлаб, ўзини ҳиндиларнинг равнақига бағишлаган шахс-да! У – идеал! Етиб бўлмайди. Лекин унга етишиш ҳақида ўйлаш керак. Ҳа, ёзувчи ютқазди. Кўп нарсаларни тушунаверсангиз ҳафасала пир бўла бошларкан, завқ ҳам йўқолади. Шундай қарайсиз-да, бу хатти-ҳаракат тагида нима ётганини тушунасиз. Мен шу ҳикояни ёзсам дунё ўзгарадими деб ўйлайсан. Ҳеч нарса ўзгармайди. «Лолазор»нинг давоми бўладими деб кўп сўрашади. Давоми бўлаяпти-ку! Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ... Ҳукумат тепасига ҳалол-тоза одамлар келса халқ ютади. Ҳалолликдан ҳам кўпроқ юксак дид керак. Дунё сиёсатини, дунё маданиятини, дунё цивилизациясини тушунадиган, кенг фикрлайдиган, юксак даражада фикрлайдиган шахслар... Ўшандаям ҳаммаёқ лолазор бўлиб кетмайди. Ҳам маданиятни, ҳам адабиёт ва санъатни, камида дипломатияни тушуниш жуда қийин иш-да... Путин «Ганди ўлгандан кейин гаплашадиган одам ҳам қолмади» деганди...

Ёзувчи: «Совет давридан ҳам тўғри гапни ёзганларнинг китоби қолди».

– Мурод Муҳаммад Дўст ким?

– Яхши боғбон бўлгим келади, яхши уста бўлгим келади. Ёзувчиман деб айтиш мен яхши одамман дейиш билан баробар. Адабиётни, яхши қўшиқни, яхши кинони хуш кўрадиган ҳаваскорман. Маърифатли бўлишга имкон қадар ҳаракат қиламан. Яхши ота бўлишга интиламан. Одам етмишга кирсаям ҳаракат қилавераркан-а...

Унвон, орденлар ҳеч нарса бермайди. Совет давридан ҳам тўғри гапни ёзганларнинг китоби қолди. Тўғонлар, электр станциялари, кенг пахтазорлар ҳақида ёзилган достону романлар қолиб кетди. Одамнинг дардини, жамиятнинг дардини ёзган одам ютади. Амал, унвон – булар ҳеч нарса эмас. Одамзотнинг кўзи бир ҳовуч тупроққа тўяди-ку. Қаноат қилган одам ютади. Бир замонлар Қашқадарёда 108 ёшли чол билан учрашган эдим. Қандай қилиб шунча ёшга кирдингиз деб сўраганимда, «Болам, мен ўзимни ҳаммадан паст олдим» деганди. Одамзот озига шукур қилиши керак. Ҳамма нарсага эришишнинг иложи йўқ. Битта яхши ҳикоя ёзсанг ёки ўқисанг, бир шеърдан таъсирлансанг шунга хурсанд бўл. Фақат бадбин бўлмасанг, ҳасадгўй бўлмасанг – бировнинг боғи сеникидан яхшироқ, яшилроқ туюлмаса бўлди.

Иқбол Қўшшаева суҳбатлашди

Manba: minbar.uz

Киритилди: 07:00 10.08.2019. Ўқилди: 3674 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!