Бугун 23 октябрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида “Living Lab” ва “Fab Lab” инновацион ҳудудлари ташкил этилди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида “Living Lab” ва “Fab Lab” инновацион ҳудудлари ташкил этилди

2024-йил 20-июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган “Муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида қатор инновацион ташаббуслар амалга оширилди.

Жумладан, университетда илғор “Living Lab” ва Олий муҳандислик мактаби таркибидаги “Fab Lab” инновацион ҳудудлари ташкил этилди. Ушбу мажмуалар талаба-ёшлар ва тадқиқотчилар учун амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни синовдан ўтказиш ҳамда халқаро тажриба асосида илмий изланишлар олиб бориш имкониятларини кенгайтиради.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, шунингдек, дунёнинг нуфузли аккредитация ташкилотлари — АҚШнинг ABET (Accreditation Board for Engineering and Technology, Inc.) ва Германиянинг ASIIN (Accreditation Agency for Degree Programs in Engineering, Informatics, Natural Sciences and Mathematics) томонидан халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди.

Янги лаборатория мажмуаси рақамли ишлаб чиқариш устахоналари, 3D-принтерлар, лазер кесгичлар, CNC машиналари каби замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, сунъий интеллект, IoT, 3D моделлаштириш, VR/AR, мобил ва веб-иловалар йўналишларида ишлаш имконини берувчи 30 дан ортиқ илғор илмий лабораторияларни ўз ичига олади.

Мажмуа қуйидаги асосий зоналардан иборат:

  • CNC лабораторияси – рақамли ишлаб чиқариш маркази;

  • Медиа ва дизайн лабораторияси – видео контент ишлаб чиқариш ва график дизайн устахонаси;

  • IoT ва ўрнатилган тизимлар лабораторияси – ақлли қурилмалар ва робот прототипларини ишлаб чиқиш майдони;

  • Энергия ресурслари лабораторияси – барқарор энергия ва самарадорлик бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

  • Квант ва физика лабораториялари – замонавий оптик ва ўлчаш ускуналари асосида илмий изланишлар олиб бориш;

  • Huawei лабораторияси – тармоқ технологиялари ва телекоммуникация бўйича махсус марказ.

Шунингдек, лаборатория мажмуаси:

  • Талабалар учун синов майдони;

  • Ақлли технологиялар бўйича интерактив таълим маркази;

  • Ташриф буюрувчилар учун кўргазмалар ҳудуди;

  • Биргаликда ишлаш ва очиқ музокаралар зонасини ҳам ўз ичига олади.

Мажмуа орқали қуйидаги фанлар бўйича амалийотга йўналтирилган таълим йўлга қўйилган:

  • Муҳандислик: робототехника, мехатроника, CAD/CAM дизайни, ўрнатилган тизимлар;

  • IT: тармоқ технологиялари, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, булутли ҳисоблаш;

  • IoT: ақлли қурилмалар ва сенсор тармоқлари;

  • Медиа: рақамли ишлаб чиқариш, график дизайн;

  • Амалий фанлар: квант информатика, физика, энергия технологиялари.

Мажмуа “ғоя → прототип → синов → тайёр маҳсулот” циклини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади. Бу орқали:

Университет учун:

  • Истеъдодли ёшлар ва илғор тадқиқотларни жалб қилиш маркази шакллантирилади;

  • Huawei ва KOICA каби халқаро ҳамкорлар билан алоқалар мустаҳкамланади;

  • Ишланмаларни тижоратлаштириш имкониятлари кенгаяди.

Ўзбекистон Республикаси учун:

  • Рақобатбардош, юқори малакали муҳандислар ва дастурчилар тайёрланади;

  • Маҳаллий юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши орқали импорт ўрнини босиш ва экспорт ҳажми оширилади;

  • Юртимиз IT ва муҳандислик соҳаларида минтақавий етакчига айланиш йўлида муҳим қадамлар ташланади.

Шу тариқа, ташкил этилган лаборатория мажмуаси шунчаки бинолар тўплами эмас, балки таълим, фан ва реал иқтисодиёт ўртасидаги чегараларни йўқ қилган, замонавий “Living Laboratory” концепциясини амалда акс эттирувчи флагман лойиҳадир. У нафақат талабалар, балки бутун Ўзбекистоннинг технологик тараққиётига хизмат қилувчи илғор кадрлар тайёрлашни мақсад қилган.

Киритилди: 10:51 22.10.2025. Ўқилди: 500 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!