Тошкент ҳарбий округида “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Бундан кўзланган асосий мақсад Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчиларни ота-оналари, яқинлари билан онлайн мулоқотларини ташкил қилиш, уларни дийдорлаштиришдан иборат. “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ташкил қилинган ушбу видеоконференцияда ота-оналар фарзандларига ўз дил сўзларини изҳор қилишди. Ўз навбатида, ҳарбий ўғлонлар ҳам кўнглидан ўтган салом ва табрикларини ўз оиласи, яқинларига йўллади.
Видеоконференцияда элимиз суйган санъаткорлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ярашева, Муҳаббат Абдуллаевалар, шунингдек, Тошкент ҳарбий округи Қўмондонлиги вакиллари, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари, ота-оналар, ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, Ватан туйғуси, мардлик ва жасурлик хислатлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Мулоқотлар давомида Чирчиқ гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри ва ансамбли ижросида куй-қўшиқлар барчани хушнуд қилди.
Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати