Ла Лигада жорий мавсумнинг энг қизиқ статистик интригаларидан бири шаклланмоқда. Ханс-Дитер Флик бошқараётган "Барселона"нинг ҳужумкор ўйини Жозе Моуринью давридаги "Реал"нинг тарихий рекордини хавф остида қолдирди.
Каталонияликлар чемпионатни жуда юқори суръатда бошлади. Дастлабки 7 турда жамоа рақиблар дарвозасига 31 марта йўл топди. Бу ўртача ҳар бир ўйинга 4,43 тадан гол дегани.
Агар "Барселона" шу темпни узоқ вақт сақлай олса, Ла Лига тарихидаги энг сермаҳсул мавсум рекорди янгиланиши мумкин.
Айни пайтда мазкур натижа 2011/12 йилги "Реал"га тегишли. Ўша мавсумда Жозе Моуринью жамоаси 38 та учрашувда 121 та гол урган ва 100 очко билан чемпионликни қўлга киритган эди.
Мадридликларнинг ҳужум чизиғида ўша пайт Криштиану Роналду, Карим Бензема, Гонсало Игуаин, Месут Ўзил, Анхель Ди Мария ва Кака каби юлдузлар ҳаракат қилган. Жамоанинг ўртача натижаси ҳар бир баҳсга 3,18 тадан голни ташкил этган.
Қизиғи, Моуринью фаолияти давомида кўп бор ҳаддан ташқари эҳтиёткор ва ҳимоявий футбол тарафдори сифатида танқид қилинган. Бироқ айнан унинг "Реал"и Ла Лига тарихида ҳалигача янгиланмаган ҳужумкор рекорд муаллифи бўлиб турибди.
Энди эса бу натижага "Барселона" жиддий таҳдид солмоқда.