Москва ва Петербургда мобил интернетда узилишлар қайд этилмоқда, деб хабар беради РБК нашри ва Россиянинг бошқа оммавий ахборот воситалари.
"Москва маркази. Мобил интернет ишламаяпти. Жумладан, "оқ рўйхатлар" ҳам. Кечаси ҳали ишлаётган эди", — деб ёзди сиёсатшунос Михаил Виноградов ўзининг Telegram'даги саҳифасида.
Интернет сервиси маълумотларига кўра, мобил интернет иши бўйича шикоятлар сони соат 08:00 атрофида ўса бошлаган, деб қайд этади "РБК".
Нашр мухбирлари МТС, Т2, "Билайн" ва Yota оператори мобил интернети ишидаги узилишлар ҳақида хабар беришди. Т2 операторида худди шундай муаммолар Москва вилоятида ҳам кузатилмоқда. Мобил қурилмаларга интернет фақат Wi-Fi орқали ўтяпти уяли алоқа орқали ҳатто смс ҳам юборилмаяпти, деб ёзади SOTAvision ("чет эл агентлари" реестрида).
Бир кун аввал алоқа операторлари москваликларни мобил интернет ўчирилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
"Хавфсизлик чораларини таъминлаш мақсадида Москвада 5 майдан 9 майгача бўлган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш даврида мобил интернет ва смс ишида вақтинчалик чекловлар бўлиши мумкин. Интернетдан фойдаланиш учун Wi-Fi, овозли қўнғироқлар учун эса смартфон созламаларидаги VoLTE функциясидан фойдаланишни тавсия этамиз", — дейилади хабарномада.