Мисрда иккита поезд тўқнашувига поездлардан бирида “стоп-кран” дастагининг босилиши сабаб бўлган. Тўқнашув оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, 100дан ортиқ киши жароҳатланган.
Миср темир йўллар бошқармасида маълум қилинишича, Луксор-Искандария йўналиши бўйича ҳаракатланаётган поездда номаълум кимсалар фавқулодда тўхташ дастагини босган. Ортдан Асуан-Қоҳира йўналиши бўйича келаётган поезд тўхташга улгура олмаган ва олдида тўхтаб қолган поездга келиб урилган.
Бунинг оқибатида биринчи поезднинг охирги иккита вагони ва иккинчи поезднинг тепловози кучли зарарланган.
Йўловчиларга ёрдамга биринчи бўлиб маҳаллий аҳоли етиб келган. Воқеа жойига 70дан ортиқ тез ёрдам машинаси жўнатилган. Жароҳатланганлар яқин орадаги шифохоналарга етказилган. Шунингдек, маҳаллий шифокорларга ёрдамга Қоҳирадан қўшимча персонал келтирилган. Аҳволи оғир кишиларни Қоҳирадаги шифохонага етказишга қарор қилинган.
Воқеа жойига Миср бош вазири Мустафо Мабдули ва яна 5 вазир йўл олган. Поездларнинг машинистлари ҳибсга олинган ва сўроқ қилинмоқда.
Махсус техник комиссия тўқнашувни тергов қилиш билан шуғулланади. Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий қурбонлар оилаларига ҳамдардлик билдирган ва “айбдорлар тегишли жазо олишига” ваъда берган.