Миср шимолидаги Порт-Саид вилоятида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди, етти киши жароҳат олди.
Бу ҳақда Akhbar El-Yom ҳукумат газетаси хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Матария-Порт-Саид трассасида юк машинаси, автобус ва яна учта машина тўқнашиб кетган. Воқеа жойига тез ёрдам ва хавфсизлик кучлари етиб келган, жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган.
Ҳодиса сабаблари ҳақида хабар берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.