Мисрдаги катта масжидларда жума намози ўқилишига рухсат берилди, лекин коронавирусдан сақланиш учун ўрнатилган қатъий эҳтиёт чоралари сақланиб қолади, дея хабар берди маҳаллий Ал-Аҳрам ахборот агентлиги.
Мисрда пандемия шароитида жума кунги жамоат намозини ташкил қилиш учун тайёргарлик кўрилиб, мамлакатдаги масжидларни дезинфекция қилиш ишлари амалга оширилди. Бош Вазир Мустафо Мадбулийнинг айтишича, жума намозидаги маърузанинг вақти 10 дақиқагача қисқартирилган.
Ҳукумат томонидан жорий қилинган эҳтиёт чораларига кўра, намозхонлар доимо ниқоб тақишлари, ижтимоий масофани сақлашлари ва ўзларининг шахсий жойнамозларидан фойдаланишлари керак бўлади. Мусулмонлар намоздан 10 дақиқа олдин масжидга киришлари мумкин ва ибодатдан кейиноқ масжидлар тезда ёпилади.
Мисрда коронавирус туфайли март ойининг 21- санасида масжидлар ёпилганди. Июнь ойига келиб кунлик ибодатларни амалга ошириш учун масжидлар қайта очилган, лекин, жума намозига рухсат берилмаганди.