Миср урушдан кейинги Ғазода хавфсизликни таъминлаш ва тартибни сақлаш учун беш минг нафар фаластинлик полициячини тайёрлай бошлади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага таяниб, AFP хабар берди.
Маълум бўлишича, 500 кишидан иборат дастлабки гуруҳ март ойида Қоҳирада бўлиб, тайёргарликдан ўтган. Сентябрь ойидан эса икки ойлик курслар йўлга қўйилган. AFP манбасига кўра, мазкур тузилма таркибига фақат ғазоликлар олинади. Уларнинг маошини Ғарбий Соҳилнинг Рамоллоҳ шаҳрида жойлашган Фаластин маъмурияти тўлайди
“Ўқув жараёнларидан жуда мамнунмиз. Уруш ва тажовузнинг тўхташини истаймиз, мамлакатимизга хизмат қилишга тайёрмиз,” деди 26 ёшли фаластинлик полициячи.
Аввалроқ Қоҳира воситачилигида ўтган музокараларда ҲАМАС ва Фаластин маъмурияти 10 минг нафар полициячидан иборат умумий хавфсизлик тузилмаси ташкил этишга келишиб олгани хабар қилинган эди.