Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Мирзиёев Хоразм вилоятининг янги ҳокимига қандай вазифалар топширди?

Мирзиёев Хоразм вилоятининг янги ҳокимига қандай вазифалар топширди?

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятининг янги ҳокими Жўрабек Раҳимовга бир қатор вазифалар топширди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Урганчда Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши сессияси ўтказилди. Унда Жўрабек Раҳимовнинг режалари тингланди.

Жўрабек Раҳимов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.

Президент айтилган таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Оилавий тадбиркорлик

Оилавий тадбиркорлик дастурлари учун берилган 940 миллиард сўмга қўшимча 100 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди.

Янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали 57 минг, касаначиликда салоҳияти бор 240 та маҳаллада меҳнат қуроллари ва жой масаласини ҳал қилиб, 50 минг, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 28 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Иккинчи муҳим вазифа – озиқ-овқат маҳсулотлари балансини таъминлаш. Шу мақсадда “Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналини тиклаш” лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланади.

Боғот, Шовот ва Янгибозор туманларидаги 2 минг гектарда узум, олма ва қовун плантациялари, Гурлан ва Боғотда агрологистика марказлари ташкил этилади. Паррандачилик, чорвачилик, сутни қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади.

Маълумки, ҳар бир туманга камида 50 миллион доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилган.

Вилоят ҳокимлигига номзод бунинг эвазига туманларда қандай лойиҳалар мўлжаллангани ҳақида ахборот берди.

Давлат раҳбари 14 та йирик саноат лойиҳаси инфратузилмаси учун қўшимча 100 миллиард сўм йўналтириш, Урганчда электротехника ва фармацевтика саноат парклари ташкил қилиш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, 20 миллион доллар инвестиция эвазига “Дамас” ва “Лабо” автомашиналарини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали 300 та янги иш ўрни яратилади.

Саноат корхоналари ва уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

Президент мактабларда санитария ҳолатини яхшилаш, чет тили ва касбга ўргатиш хоналарини ташкил қилиш ҳамда 12 та туманда IT парк очиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Умуман олганда, Хоразмда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга бу йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 400 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 475 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Барча чора-тадбирлар орқали 365 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Хоразмни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.

Киритилди: 17:32 31.03.2023. Ўқилди: 3734 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!