АҚШнинг Meta технология корпорацияси WhatsApp мессенжери ва Instagram ижтимоий тармоғини сотиб олгани юзасидан АҚШ Федераль савдо комиссияси (FTC) томонидан қўзғатилган монополияга қарши ишда ютиб чиқди.
Вашингтон округи судьяси Жеймс Боасберг қарорида FTC Meta’ни “шахсий ижтимоий тармоқлар бозорида монополия яратганлик”да айблай олмаганини қайд этди. Судянинг таъкидлашича, комиссия Meta рақобатчи компанияларни сотиб олиш орқали бозордаги устун мавқеини ноқонуний сақлаб қолганини ҳам исботлай олмади.
“Meta ўтмишда монопол мавқега эга бўлган-бўлмаганидан қатъи назар, комиссия компания ҳозир ҳам бундай мавқега эга эканини исботлаши керак эди. Суд бу айбловлар тасдиқланмаганини аниқлади”, — дейилади қарор матнида.
Шунингдек, суд Meta тегишли бозорда монополия даражасидаги назоратга эга эмас, деган хулосага келиб, қарорни компания фойдасига чиқарди.
FTC 2020 йилда Meta’ни 2012 йилда Instagram’ни 1 миллиард долларга ва 2014 йилда WhatsApp’ни 19 миллиард долларга сотиб олиб, ижтимоий медиа бозорида ноқонуний монополия шакллантирганликда айблаб судга мурожаат қилган эди.