Meta сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги ишланмаларни молиялаштириш учун акцияларни жойлаштириш орқали 35 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирмоқда.
Bloomberg нашри хабар беришича, бу ҳақда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) томонидан эълон қилинган ҳужжатларда маълум қилинган.
Facebook ижтимоий тармоғининг бош компанияси бўлган Meta, шунингдек, қиймати 60 миллиард долларгача бўлган қўшимча акциялар чиқаришни режалаштираётганини маълум қилган. Ҳозирча ушбу битимни амалга ошириш муддатлари белгиланмаган.
Капитал жалб қилиш режалари Meta овоз бериш ҳуқуқини бермайдиган янги турдаги акцияларни жорий этганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди. Компаниянинг таъкидлашича, бу сунъий интеллект соҳасидаги рақобат шароитида молиялаштириш манбаларини излашда кўпроқ мослашувчанликни таъминлайди.
Nvidia, AMD ва Broadcom чип ишлаб чиқарувчи компаниялари Meta томонидан таклиф этилаётган оддий акцияларни умумий қиймати 5 миллиард долларгача бўлган миқдорда сотиб олишга қизиқиш билдирган. Бироқ уларнинг ниятлари ҳозирча мажбурий хусусиятга эга эмас.
Meta сунъий интеллект имкониятларини ривожлантириш учун харажатларини фаол равишда оширмоқда. Инвесторлар эса ушбу сармоялар ўз самарасини бераётганини тасдиқловчи натижаларни кутмоқда.
Янги турдаги акциялар овоз бериш ҳуқуқини бермагани сабабли, компания асосчиси ва бош директори Марк Цукерберг акциядорлар овоз беришидаги назоратини сусайтирмасдан туриб, бундай акцияларни чиқариши мумкин.
Аввалроқ Google компаниясининг бош компанияси Alphabet сунъий интеллект технологияларига хизмат кўрсатувчи маълумотларни қайта ишлаш марказларини кенгайтириш мақсадида акцияларни жойлаштириш орқали 85 миллиард доллар жалб қилган эди.