«Барселона» ва Лионель Месси аргентиналик футболчининг Ла Лига доирасида «Осасуна»га қарши ўйиндаги (4:0) ҳаракати учун жаримага тортилди.
Месси учрашувда гол урганидан кейин «Барселона» либосини ечган ҳолда Диего Марадона хотирасига бағишланган «Ньюэллс Олд Бойз»нинг ретро либосини намойиш қилди. Лионель Месси болалигида ушбу клуб тизимида ҳаракат қилган. Марадона эса 1993 йилда бу жамоада 5 та ўйин ўтказган.
Ушбу ҳаракати учун футболчи учрашув ҳаками томонидан сариқ карточкага лойиқ кўрилганди. «Барселона» эса ушбу огоҳлантиришни бекор қилишга уринмоқда.
2 декабрь куни Испания футбол федерациясининг мусобақалар ўтказиш қўмитаси мазкур вазият юзасидан қарор чиқарди. Унга кўра, Месси тартиб интизом кодексининг 91-бандини бузгани учун 600 евро миқдорида жаримага тортилган. «Барселона»га 350 евро миқдорида жарима ёзилган.
Клуб бу борада ҳам апелляция бермоқчи.