Аргентина терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби бўлган Лионель Месси отаси Хорхе вафотидан кейин илк бор гол урди. У «Интер Майами» сафида сафарда ўтган MLSнинг навбатдаги учрашувида «Филадельфия Юнион» дарвозасини ишғол этди.
Учрашув бошида майдон эгалари фаолроқ ҳаракат қилди. 11-дақиқада Индиана Василев аниқ зарбаси билан ҳисобни очди. 10 дақиқа ўтиб, Даниэль Пинтер ҳисобни тенглаштирди. Ортидан беш дақиқа ўтиб, Месси майдон меҳмонларини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Биринчи бўлим 2:1 ҳисобида, «Интер Майами» фойдасига якунланди. Аммо Месси жамоаси устунликни сақлаб қололмади. 58-дақиқада Нил Пьерр «Филадельфия Юнион» учун иккинчи голни урди.
Беллашув 2:2 ҳисобида ниҳоясига етди. Шу тариқа «Интер Майами»нинг ғалабасиз серияси уч ўйинга етди.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Мессининг отаси Хорхе Месси 7 август куни узоққа чўзилган касалликдан сўнг вафот этган эди. Шу сабабли футболчи маълум муддат «Интер Майами» сафидаги ўйинларини тўхтатган, дафн маросимидан кейин жамоага қайта қўшилган.
Бу гол Лионель Мессининг профессионал фаолиятида 922-гол бўлди.
39 ёшли Месси ҳозирга қадар клуб ва терма жамоалар таркибида жами 1169 ўйин ўтказиб, 922 марта рақиб дарвозасини ишғол этган ва 420 голли узатма амалга оширган.
Унинг асосий рақибларидан бири, «Ан-Наср»нинг 41 ёшли ҳужумчиси Криштиану Роналду эса 1330 учрашувда 976 гол уриб, 261 голли пас қайд этган.