Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

"Менинг дадам амалдор эмас"

A A A
"Менинг дадам амалдор эмас"

Бундан бир неча йиллар аввал Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Ориповнинг уйига зиёрат қилгани борган эдик ҳол-аҳвол сўраб. (Ўша вақтда халқнинг севимли  шоири соғлигидаги муаммолар сабаб чет давлатда даволаниб келган эди). Кўришдик. Улуғ шоир кексаликнинг таъсири ва саломатлигининг яхши эмаслигидан анчагина ҳолсизланиб қолган бўлса-да, руҳан жуда тетик эди.

Абдулла Ориповнинг суҳбатида бўлган инсонлар, уни яқиндан таниганлар жуда яхши билишади. У инсон билан бўладиган ҳар қандай суҳбат майда-чуйда гап сўздан юқори турар, гапирса ҳам эшитувчилар учун жуда қизиқ ва муҳим, “юки оғир” гапларни сўзлар эди. Шахсан мен неча марта у инсоннинг суҳбатида бўлган бўлсам, бирорта гап-сўзларини шу чоққача унутмадим. Ҳалигача  қулоғимни остида туради. Адабиёт, Халқ ва Миллатнинг дарди, маънавият, сиёсат ва бошқа залворли гаплардан гапирар эди доим.

Ўша кунги суҳбатда ҳам Ўзбекистонинг бугуни ва келажаги ҳақида кўплаб фикрларни айтиб ўтиш билан бирга ривожланган мамлакатларнинг яқин ўтмиш тарихи ва  ҳозирги тараққиёт стратегиялари босқичлари, хусусан таълимда қандай сиёсат олиб борилганлиги ҳақида кишини жиддий мулоҳазага чорлайдиган фикрларни айтиб ўтди. Айниқса, Япониянинг таълим дастури узоқни кўзлаб тузилганлиги, ибратли ва коррупциядан мутлақ тозаланганлиги, “ўғирлаб ишлатишга” муносиб эканлигини таъкидлаб ўтди. Бироз ўй сургач, Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида ўқувчи ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувни гапириб берди.

- Кўплаб энди униб келаётган мактабнинг ўспирин болалари билан суҳбат қурдик. Уларнинг мақсадини, келажакда ким бўлишини сўрадим. Шунда  10-синф бир йигитчадан мактабни битиргач қайси олийгоҳга кирмоқчи эканлигини сўраганимда ундан кутилмаган ва дахшатли жавобни олдим. Эшитинг-а! “Ҳеч қайси олийгоҳга топширмоқчи эмасман, менинг дадам амалдор эмас... Ўқитгани ҳам, ишга жойлагани ҳам ортиқча пули йўқ...”

Суҳбатни шу ерига келганда Абдулла Ориповнинг овози маҳзун тортиб, анчагина жим бўлиб қолди. У кишига қараганимда кўзидан ёш оқар, дастрўмоли билан кўз ёшларини артар эди.

Бизга юзланиб, “Ўзингиз айтинг, эндигина ҳаёт бўстонига кириб келаётган, димоғидаги ҳар бир нафаси халқи ва ватани учун кириб чиқадиган ўктам ўспириннинг шундай фикрга бориб қолгани, унинг руҳий синиқлиги ҳаммамизнинг оғир фожиамиз эмасми?! Бу илдиз отиб, гуркираб кетган коррупция дарахтининг ҳозирги “меваси” эмасми?! Яна қанча бор жамиятда бундай фикрлайдиган ўспирин ниҳоллар..?”

Албатта, юқоридаги суҳбатга ҳам ўн йиллар бўлиб қолди. Мен ўша вақтда университетнинг битирувчи талабаси эдим.

Виждон билан айтадиган бўлсак, бундан бир неча йиллар аввал ҳам кўплаб соҳаларда, жумладан, Давлатнинг қудратли кучга айланишини таъминлайдиган энг муҳим нуқта - таълим системасида коррупция томирлари авж олиб кетган эди.

Университетга киришнинг турли “стратегиялари” пайдо бўлди. Илмдор бошларнинг ўрнига “пулдор каллалар” кириб дипломли бўлиб чиқди олийгоҳлардан. Мен айнан коррупция билан олийгоҳга кирганларнинг аксарини ўқиб, илмли бўлиб чиқди деб айтолмайман ишонч билан. Дипломли бўлиб чиқди десам тўғри бўлади.

Отамнинг розилиги менинг ҳалол ва виждонан яшаб ўтишимда эди. Неча йиллар  жиддий тайёргарлик кўриб, талаба бўлдим. Олий маълумотли шахс бўлиш осон кечмади, албатта. Университетни битириб ишга жойлашдим. Бир  ҳақиқатни тушуниб  етдимки, Сиз қандай бўлишни истасангиз йўлингизни шундай белгилар экан яратган ҳам.

Ишга киргач, халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини тинглаш, қонуний ечимини кўрсатиш ва бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун енг шимарганимда коррупция “эпидемияси” мен ўйлагандан кенгроқ тарқалганига гувоҳ бўлдим.

“Ука, қизимни ишга жойлаб бўлмаяпти. Ёрдам беринг, биз ҳам қараб турмаймиз...”

“Пенсияга чиқишда неча йиллик меҳнат даврим архивдан чиқмади,  “йўли” бордир уларни қўшдиришга?..”

“Ўғлимни ногиронлик нафақасига чиқариб олишим қийин кечяпти, биз ҳам қараб турмаймиз агар ишимиз битиб қолса...”

Хаммасига сабр билан масаланинг қонуний йўл-йўриғини тушунтирасиз, пулсиз ҳам “таниш-билишсиз” ҳам иши битганини, қонуний ҳақ-ҳуқуқи тикланганини кўрганида сизни ҳам, ҳукуматни ҳам дуо қилади. Виждонингиз хурсанд бўлади давлат тўлаётган маошни ҳалоллаб олаётганингиз учун.

Юқоридаги ҳолатлар коррупция балосининг бир бўлаги ўлароқ кичик гап бўлиб кўринар. Бироқ, катта фожеалар кичикларидан, катта дарёлар ҳам кичик жилғалардан бошланишини билган инсон ҳеч бир яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам кичигини кичик санамаслиги лозим. Улкан наҳанглар ҳам заррадай балиқчалардан пайдо бўлади.

Коррупция ҳақида мақола ёзишни бошлаганимда узундан-узун рақам ва фактларни келтиришдан аввал,  юқоридаги улуғ шоир билан бўлиб ўтган суҳбатни қоғозга туширишим муҳимроқдай туюлаверди. Албатта, факт ва рақамлар зарур ҳар қандай йўналишнинг юкини тарозига тортишда. Бу ҳолатнинг асл кўламини ўлчашга хизмат қилади. Лекин шу билан бирга, бир муаммони (муаммо бўлганда ҳам кичик эмас, энг оғриқли муаммо) ёзишда унинг асл моҳиятини чуқур ҳис қилиш керак деб ўйлайман руҳан ва ақлан. Шундагина, масалага ёндашишда умумий қуруқ чақириқ ва баёнлардан ҳоли бўлади.

Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллик тантанасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев қуйидаги сўзларни айтиб ўтган эди:

“Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”.

Чиндан ҳам, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларнинг ўзи коррупцияга қарши курашиши етарли бўлолмайди. Баъзан уларнинг ўзи ҳам ҳали коррупциядан етарли даражада “тоза эмаслиги”ни гувоҳи бўлиб турибсиз расмий ахборотларда. Ҳар бир шахс, шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси коррупциянинг асл моҳиятини чуқур ҳис қилиши лозим. Унга қарши аёвсиз курашиши керак.

Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилган. Механизмлар қоғозда қолмаслиги керак. Бу механизмнинг аёвсиз ишлаши учун барча бирдай маъсул деб ҳисоблайман.

2017 йил 3 январда қабул қилинган  “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш белгиланган.

Қонуннинг 7-моддасига кўра, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти – коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади.

Маъсул идоралар, хусусан адлия органлари томонидан олиб борилаётган тизимли ва ва манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари натижасида аҳоли орасида ҳуқуқий билим ва кўникма тобора юксалиб бормоқда. Инсонларда қонунларни билиш ва унга амал қилиш, амал қилишни талаб қилиш даражаси ортиб боргани сари коррупция дарахти ҳам сўла бошлайди. Бу худди остига сув қуйилмагандан кейин қурий бошлаган тиконли, бадбўй дарахтга ўхшайди.

Айрим ривожланган мамлакатларда коррупция кўламининг пастлигига фақатгина давлат сабабчи эмас. Балки ўша мамлакатнинг фуқаролари коррупцияга қарши оммавий курашади.

Ишини битириш учун “бермайди”. Қонун билан талаб қилади.

Олишига, ўмаришига йўл қўймайди. Ҳисобот сўрайди.

Бир-икки киши эмас. Ҳамма!

Оддий мисол, АҚШда штат губернатори истаган ишини қилишига йўл қўйилмайди. Истаган фуқаросининг мулкини ундан олиб бунга тортиқ қилмайди. Креслосидан фойдаланиб қонундан устунлик қила олмайди. Жамоатчилик назорати бор. Ҳар-бир ҳатти-ҳаракатига жавоб беради.

 “Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”-деб жамоатчилик назоратига урғу берган эди Президентимиз.

Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш бўйича Парламент ва Президентга бўйсунадиган алоҳида давлат органини ташкил қилишни таклиф қилганида ҳам мамлакатнинг эртанги куни, ривожланиши ва чинакам ҳуқуқий демократик жамият қуришни кўзлаб яна бир катта қадам ташлаганини тушуниш мумкин.

Мамлакат раҳбари томонидан коррупцияга қарши қўйилаётган улкан мақсадларнинг тўла амалга ошиши учун барчамиз бирдай маъсул ва камарбаста бўлишимиз зарур!.

Токи, хозир ва кейин ҳам руҳи синиқ мақсадсиз ёшлар бўлмасин жамиятда.

Токи, халқимиз ўзлари орзу қилган, идеал демократик жамиятни кўра олсинлар ўз ватанида.

Баҳриддин Муҳамадалиев,

Фарғона вилояти адлия бошқармаси бўлим катта маслаҳатчиси

 

 

Киритилди: 12:16 20.05.2020. Ўқилди: 4090 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар