Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

«Мени мана бу икки оқ-сариқдан келган одамдан қутқаргин»

«Мени мана бу икки оқ-сариқдан келган одамдан қутқаргин»

Ҳижрий 557 йил. Ироқнинг шамолий қисмидаги шаҳарларда ҳаво ўзгариб, осмонда чақмоқ чақа бошлади. Одил, тақводор подшо Маҳмуд Нуриддин Занкий ҳар доимгидек таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач, ухлашга ётди. Кўп ўтмай, тушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Мени мана бу икки оқ-сариқдан келган одамдан қутқаргин , деяётганларини кўрди. Подшоҳ чўчиб уйғониб, ўрнидан турди. Таҳорат олиб, намоз ўқиди, сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб, яна уйқуга кетди. Сал ўтмай яна туш кўрди. Тушига яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, Эй Маҳмуд! Мени мана бу иккита малла одамдан қутқаргин деб, оқ-сариқдан келган икки кишига ишора қилдилар. Маҳмуд Нуриддин яна чўчиб уйғонди. Таҳорат олиб, намоз ўқиди ва яна саловот айтиб, иккинчи марта уйқуга ётди. Кўзи илиниши биланоқ яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрди. У Зот яна бояги сўзларини қайтардилар. Подшоҳ уйғониб, ўрнидан турди. Энди уйқу йўқ , деди-да, кўрган тушини доно ва зийрак вазири Жамолиддин Мусилийга айтди.

Вазир подшоҳга: Муҳтарам султон, бу тушингизни ҳеч кимга айтманг. Ҳозирнинг ўзида Мадинага қараб йўл олинг , деди. Маҳмуд Нуриддин Занкий ўша заҳоти ўзи билан бир қанча мол-мулк, йигирма кишилик аскар ва доно вазирини олиб Мадина томон йўл олди. Ўн олти кун деганда Мадинаи Мунавварага етиб келишди. Султон ғусл қилиб, Масжиди Набавийга кирди ва Равзаи мутоҳҳарада намоз ўқиди. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари олдига келди, У Зотга салом ва саловот айтди. Сўнг нима қилишини билмай, туриб қолди. Доно вазир подшоҳга: Мадина аҳлининг барчасига Подшоҳнинг совғаси бор , деб эълон қилинг. Сўнг совға олишга келганларга қаранг. Тушингизда кўрган одамни учратсангиз, уни ҳибсга олиб, сўроқ қиламиз , деди. Дарҳақиқат, эълондан сўнг Мадина аҳли подшодан совға олиш учун бирин-кетин кела бошлашди. Подшоҳ совғаларни ҳар бир кишига ўз қўли билан улашди. Ҳаммага совға тарқатиб бўлинди, аммо султон тушида кўрган одамларни учратмади.

Сўнг Мадина улуғларидан: Мадинадаги ҳамма совға олиб бўлдими? , деб сўради. Улар: Ҳа, султоним! Ҳамма олди. Фақатгина Мағрибдан келган икки киши совға олишга келмади. Улар жуда тақводор кишилар экан, кўплаб муҳтожларга ҳадя улашишди. Ҳар куни кечгача Масжиди Набавийда ибодат қилишади. Эрталаб тонгда Бақиъ қабристонини зиёрат қилишади. Жуда яхши инсонлар экан , деб жавоб беришди. Подшо Уларни менинг ҳузуримга олиб келинглар , деди. Уларни олиб келишган эди, подшо уларни дарҳол таниди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тушда кўрсатган ўша оқ-сариқдан келган икки киши эди. Подшо уларнинг бу ерга келиш сабабини сўради. Улар: Бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлиб, равзаларида намоз ўқиб, буюк саҳобаларнинг қабрларини зиёрат қилиш учун келганмиз , дейишди. Подшоҳ: Қаерда қўним топдингизлар? деб сўради. Улар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳужраи саодатларига яқин бир маҳаллада , дейишди. Подшоҳ уларнинг уйини кўриш учун борди. Қараса, садақа ва эҳсон қилиш учун олиб келинган бойликлар ва баъзи китоблар бор экан. Подшоҳ таажжубда қолди. Тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икковидан мени қутқар деган эдилар, булар эса солиҳ, тақводор зотлар бўлиб чиқяпти-ку, деб ҳайрон эди.

Орадан сал ўтмай, султон уларнинг уйини қайтадан текширди. Бир бўйранинг тагини кўтариб қарашса, чуқур ҳандақ бор экан. Ҳандаққа тушиб, ичини машъала билан ёритишди. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳужраи саодатлари томонга қараб қазилган лаҳм бўлиб чиқди. Маҳмуд Нуриддин Занкий Мадинага етиб келганда лаҳмнинг охири Ҳужраи саодатга озгина қолган экан. Подшоҳ уларни қаттиқ сўроқ қилди. Маълум бўлишича, улар асли насронийлар экан. Сўроқ давомида иккови Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуссаларини ўғрилаш учун келганига иқрор бўлди. Улар кечалари лаҳм кавлашар, эрта тонгда эса гўё Бақиъ қабристонини зиёрат қилган кишидек кўриниб, аслида тунда тўпланиб қолган тупроқни қабристонга тўкиш учун боришар экан. Подшоҳ уларни қатл қилди, Ҳужраи саодатнинг атрофини эса чуқур қилиб кавлатди, атрофига қўрғошин эритиб қуйиб, мустаҳкамлаб қўйди. Одил, тақводор подшоҳ Султон Маҳмуд Нуриддин Занкий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини ҳимоя қилиш учун уни лойиқ кўрганларига, уни танлаганларига хурсанд бўлганидан кўз ёшларини тия олмас эди. (Ушбу маълумотлар имом Барзанжийнинг Тарихул Мадина , Ибн Нажжорнинг Тарихул Бағдод , Муҳиюддин Тобарийнинг Риёзун назира ва Аллома Саййид Нуриддин Али Самҳудийнинг Хулосатул вафо асарларида келтирилган) Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, беш марта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини ўғрилашга уринишган. Лекин нияти бузуқ ўғриларнинг бирортаси мақсадига эришмаган. Зеро тирикликларида ҳимоя қилган Аллоҳ, вафот этганларидан кейин ҳам Ўзи ҳимоя қилади: وَاللَّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ Аллоҳ сени одамлардан сақлар . ( Моида сураси 67-оят)

Абдулазиз МАНСУРХЎЖА ўғли

Manba: azon.uz

Киритилди: 18:33 15.01.2019. Ўқилди: 8375 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!