Бугун 27 ноябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

"Мен депутатман": Қашқадарёда директор аёл 50 нафардан ортиқ ўқитувчини мажбуран ишлатаётгани айтилди (ВИДЕО)

"Мен депутатман": Қашқадарёда директор аёл 50 нафардан ортиқ ўқитувчини мажбуран ишлатаётгани айтилди (ВИДЕО)

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани хабар берилди. Ҳолат тумандаги 6-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган, деб ёзади "Дарё".

«Икки кундан бери директор опа Феруза Аҳмедованинг қистови билан ишлашга мажбур бўляпмиз. Мактабимизда таъмирлаш ишлари кетмоқда. Бироқ ҳали тугалланмаган, шунингдек, усталарнинг бузиб-тузишидан қолган чиқиндиларни тозалашга мактаб ўқитувчилари жалб қилинган», — дейди мажбурий меҳнатдан жабрланаётганини айтган ўқитувчи Умарали Авазов.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ўқитувчининг айтишича, мажбурий меҳнат ишларига 40 нафарга яқин эркак ўқитувчи ва 10—15 нафар аёл ўқитувчи жалб этилган.

«Аёллар кўпроқ супур-сидир ишларини бажармоқда. Эркак ўқитувчилар эса иккинчи қаватда қолиб кетган чиқиндиларни, пастдаги чиқиндиларни ташишга мажбур бўляпмиз. Опага бу хатти-ҳаракати ноқонуний эканини айтиб, шикоят қилсак, ‘мен депутатман, қолаверса, ортимда вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ва туман ҳокими турибди дея’, унга ҳеч ким қаршилик кўрсатолмаслигини айтмоқда», — дейди Умарали Авазов.

Математика фани ўқитувчиси Умарали Авазовнинг маълумот беришича, мактабда 150 нафарга яқин педагог фаолият юритади.

«Мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар орасида пенсия ёшига етиб қолган, оғир меҳнатдан толиқиб қоладиган ўқитувчилар ҳам бор. Аммо директор опа бунга эътибор ҳам бермаяпти», — дейди шикоятчи ўқитувчилар.

Умарали Авазовнинг айтишича, Холбек Бобониёзов, Ойбек Йўлдошев, Жобир Қурбонов, Ҳусан Бердиев, Алишер Очилов, Умид Раупов каби ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан жабрланаётганини айтиб, масъул ташкилотларга расм ҳамда видео юборган. Аммо ҳеч қайси ташкилот вазиятга эътибор қаратмаган.

«Ҳозирча ҳеч ким ўрганмаяпти. Биз эса директорнинг қилмиши ноқонуний эканини айтиб, унга буни тушунтиролмай сарсонмиз. Ишламасак, бир соат ҳам дарс бермаслигини айтган директор унга ҳеч ким тўсқинлик қилолмаслигини такрорламоқда», — дейди мурожаатчи ўқитувчилар.

Мазкур вазиятга муносабат билдирган вилоят Халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳ тузилиб, вазият мутасаддилар иштирокида ўрганилгандан сўнг мактаб директорининг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилишини маълум қилган.

«Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қиламиз», — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Рустамов.

Киритилди: 23:50 13.08.2021. Ўқилди: 4515 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!