Бундан ташқари, шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, тиббий суғурта жорий этилаётган ҳудудларда электрон рецептларга ўтиш, бирламчи бўғиндаги стоматология хизматини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини ишлаб чиқиб, самарадорликка эришган ходимларга устама тўлаш режалаштирилмоқда. Бу – 2025 йилги давлат дастури лойиҳасида белгиланган.
Бу ҳақда аввалроқ бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълум қилганди. У малакали ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими яратилгани, шундай тизим тиббиётда ҳам жорий этилиши, лекин ҳукуматда ҳали аниқ ечимлар йўқлигини айтганди. “Асосий масала – кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш”, деганди Қўчқоров.
Декабр ойида давлат раҳбари ҳузуридаги йиғилишда 2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилиши ҳам маълум қилинганди. Бу муҳокамага қўйилган давлат дастури лойиҳасида акс этмаган.
Лойиҳада тиббиёт соҳаси ҳақида яна нималар дейилган?
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда. Буни босқичма-босқич жорий этиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Жорий йилда шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бирламчи бўғиндаги стоматология хизматини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш режа қилинган.
2025 йил 1 ноябрга қадар тиббий суғурта механизмлари жорий қилинаётган ҳудудларда рецепт асосида бериладиган дори воситаларини электрон рецепт тизими асосида тайинлаш амалиёти йўлга қўйилиши мумкин.
Вилоят даражасидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари бошқарув, молия ва ташкилий жиҳатдан замонавий кўп тармоқли клиникалар шаклида қайта ташкил этилади.