Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Матёқуб Матчонов "Илҳақ"да нега раис ролини ўйнамаганини айтди (ВИДЕО)

Матёқуб Матчонов "Илҳақ"да нега раис ролини ўйнамаганини айтди (ВИДЕО)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Матёқуб Матчонов суҳбат давомида «Илҳақ» фильмидаги Мардон раис ролини ижро этмоқчи бўлгани, аммо фильм режиссёри — шогирди Жаҳонгир Аҳмедов бу ролга уни муносиб кўрмагани сабаблари ҳақида гапириб берди.

Бошида Жаҳонгир Аҳмедовдан ранжидим. Сабаби «Илҳақ» фильмининг сценарийсини ёзаётганда «Матёқуб ака, сизга колхоз раиси ролини ёзяпман, зўр чиқяпти» деганида хурсанд бўлиб кетгандим. Кейин бу ролга кастинг қилинишини эшитиб, «Жаҳонгир, сен менга ишонмадингми?» деганимда «Ака, бу давлат буюртмаси билан суратга олинаётган фильм, бошқа актёрларни ҳам кўриш керак» деганида, яширмайман, юрагим шув этди.

Кастинг жараёнларида Тоҳир Саидов ушбу ролга тасдиқланди. Жаҳонгир бадиий кенгаш шундай қарор қилгани ҳақида гапирди. Ўшанда «Жаҳонгир, агар шу ролда мени ўйнатмоқчи бўлсанг, режиссёр сифатида позициянгни ҳимоя қилсанг бўларди-ку» дедим. «Сизга бўлмасди, Матёқуб ака» деб сценарийнинг охирги вариантини кўрсатди. Ҳақиқатан ўқиганимдан кейин билдимки, мен бу ролни ўйнай олмасдим. Томошабиндан қўрқиб ёки роль ёқмагани учун эмас, бу роль менинг ички дунёйимга тўғри келмасди.

Лекин Тоҳир қойилмақом қилиб ўйнаган. Жаҳонгир Аҳмедов «Сизнинг талқинингиздаги бу ролга томошабинлар ишонмайди, сиз томошабинлар наздида бутунлай бошқача қиёфада шаклланган актёрсиз» деди. Ундан кейин хафагарчиликларга чек қўйилди. Ҳақиқатан Тоҳир ушбу ролни маҳорат билан олиб чиқибди. Мен Жаҳонгирни шунақа катта маштабда фильм суратга олганидан хурсандман, унга фақат омад тилайман.

Матёқуб Матчонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

Маълумот учун, «Илҳақ» фильми режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ва продюсер Зафар Йўлдошев томонидан суратга олинган бўлиб, унда иккинчи жаҳон уруши йиллари тасвирланган. Фильм Зулфия Зокирова ва унинг урушдан қайтмаган беш ўғли ҳақида ҳикоя қилади. «Илҳақ» фильми 9 май куни Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига Ўзбекистон телеканалларида премьера қилинди.

Киритилди: 12:10 21.05.2020. Ўқилди: 4818 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!