Дубайдан Москвага йўл олган рейс маст безори туфайли Бокуга мажбурий қўниш қилди, деб хабар бермоқда Россия оммавий ахборот воситалари.
Маълум қилинишича, Александр исмли эркак бортдаги ҳамроҳларига бақириб, уларни ҳақорат қила бошлаган, уларга тегажоғлик қилган ва баланд овозда сўкинган, шу билан бирга борткузатувчиларнинг огоҳлантирувчи сўзларига эътибор бермаган.
Йўловчилар стюардессалар билан ҳамкорликда безорини босиб, қўлларини боғлашган. Экипаж самолётни зудлик билан Бокуга қўндириш тўғрисида қарор қабул қилган, у ерда безори Озарбайжон полициясига топширилган.
Ҳодисадан сўнг полиция ходимлари экипажни сўроқ қилишган, йўловчиларга эса Москвага парвоз 30-40 дақиқа ичида амалга оширилиши ваъда қилинган.