Жорий йилнинг 27 январь куни видеоанжуман шаклида “Марказий Осиё-Ҳиндистон” биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда минтақа мамлакатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан IT соҳасида Ҳиндистон билан минтақавий алоқаларни ривожлантириш мақсадида рақамли инновациялар, молиявий ва блокчейн технологияларни жорий қилиш, киберхавфсизликни таъминлаш, мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларда Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Таъкидлаш жоизки, кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида рақамли технологияларни ривожлантириш, шунингдек, кибер таҳдидларга қарши самарали курашиш тизимини яратиш барча давлатлар манфаатларига мос ҳисобланади. Маълумки, Ҳиндистон рақамлаштириш борасида жаҳоннинг пешқадамларидан бири ҳисобланади ва дунё IT индустриясини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан ахборот технологиялари соҳасини комплекс ривожлантириш, таълим муассасаларининг IT-компаниялар билан ҳамкорлигини кучайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Шу ўринда, алоҳида таъкидлаш лозимки, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуси Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясидаги белгилаб берилган устувор мақсадларимизни амага ошириш борасидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Хусусан, 2022 йил якунига қадар мамлакатимиз ҳудудлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги корхоналарда бошқарув, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини рақамлаштириш бўйича 280 дан ортиқ лойҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу орқали яқин келажакда рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтириш мақсад қилинган.
Шунинг билан бир қаторда Ҳиндистон билан рақамли таълимни ривожлантириш минтақамизда, хусусан мамалакатимизда оширилаётган кенг кўламдаги лойҳаларга ижобий ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. Ўзбекистонда 120 дан ортиқ олий ўқув юртлари фаолият юритмоқда, уларнинг ҳар бирида рақамли таълим модули жорий этилмоқда ва инкубация марказлари очилмоқда.
Ҳозирги кунда юртимизда таълим соҳасида Ҳиндистоннинг учта йирик олий таълим муассасалари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Вертикал таълимнинг мутлақо янги тизими яратишга қаратилган IT-таълимни ривожлантириш дастури қабул қилинди. 2020 йилдан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширила бошланди.
Бундан ташқари, IT-кўникмаларни ўзлаштириш учун кенг кўламли таълим дастурларини таъминловчи ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда 100 дан ортиқ бундай марказлар очилган бўлиб, уларда 85 мингдан ортиқ тингловчи ўқитилади. Тренингдан сўнг, марказ битирувчилари мамлакатнинг ҳар бир минтақасида очилган IT-Парк филиаллари тармоғида фриланcерлар, стартаплар ва ҳатто IT компанияларининг асосчилари сифатида фаолият кўрсатишлари мумкин.
Шу билан бирга, ёшларни компьютер ва IТ технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган 100 мингдан ортиқ бепул тўгарак фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммитида илгари сурилган IT соҳасида Ҳиндистон билан минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббус алоқаларни янада кенгайтириш, мавжуд савдо-иқтисодий, молиявий, сармоявий имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга ўз ҳиссасини қўшади. Шу билан бирга ушбу соҳа юзасидан халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва коммуникациялари йўналишида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни бардавомлиги ва самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Аллаберганов Қаҳрамон,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими