Бугун 22 март, 2025 йил, шанба

O'ZB

Марказий банк асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга ошириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилади

Марказий банк асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга ошириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилади

Марказий банк бошқаруви 2025 йил 20 мартдаги йиғилишида асосий ставкани 0,5 фоиз бандга ошириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк бошқаруви инфляцион босимларнинг юқори сақланиб қолиши, талабнинг барқарор ўсиб бориши ва инфляцион кутилмаларнинг кучайиши фонида пул-кредит шароитлари қатъийлик даражасини оширишга қарор қилди.

Ушбу қарор келгуси ойларда кутилаётган инфляцион хатарларни инобатга олиб, инфляцион кутилмаларни жиловлаш, ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасини 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароитлар яратишга қаратилган.

2025 йил бошидан умумий инфляция даражасида бироз ўсиш кузатилиб, февраль ойи якунлари бўйича йиллик 10,1 фоизни ташкил этди.

Ушбу динамика айрим товар ва хизматлар нархларининг ўсиши ҳисобига юзага келди. Хусусан, ёқилғи нархлари, коммунал, транспорт, таълим ва тиббий хизматлар тарифлари ошиши инфляцион кутилмаларга ҳам оширувчи таъсир кўрсатди ва февраль ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,3 фоизга, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса 13,8 фоизга тенг бўлди.

Сўнгги ойларда хизматлар инфляцияси юқори даражада шаклланиши иқтисодиётда ялпи талаб омиллари, жумладан, трансчегаравий пул ўтказмалари ва аҳолига ажратилган кредитлар фаоллашиб бораётганлиги билан изоҳланади. Бу, ўз навбатида, чакана савдо айланмаси ҳамда пуллик хизматлардан тушумлар динамикасида ҳам намоён бўлмоқда.

Йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюталарининг мустаҳкамланиши таъсирида реал самарали алмашув курси пасайиш тенденциясини намоён этиб, ўзининг ўрта муддатли трендига яқинлашмоқда.

Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни мақбуллаштириш ҳамда ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлаш пул-кредит шароитлари қатъийлик даражасини оширишни тақозо этмоқда.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида асосий ставкани 0,5 фоиз бандга ошириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши умумий талабни мувозанатли шаклланишига ва нархларга оширувчи омиллар таъсирини камайтириши орқали келгуси чоракларда инфляцион жараёнларнинг маълум даражада секинлашишига хизмат қилиб, йил якуни бўйича умумий инфляцияни 7-8 фоизгача пасайишига замин яратади.

Марказий банк ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли даражасигача пасайишини таъминлаш мақсадида пул-кредит шароитларини етарли даражада қатъий шакллантиришни давом эттиради.

Иқтисодиётдаги ялпи талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда пул-кредит шароитлари қатъийлиги қайта кўриб чиқилади.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 24 апрель кунига белгиланган.

Киритилди: 12:25 20.03.2025. Ўқилди: 506 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!