Америкалик машҳур қўшиқчи, 2012 йилда боқий дунёга кетган Уитни Хьюстоннинг голограммаси иштирокида 2020 йилда Буюк Британияда концертлар берилади. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.
Қўшиқчининг лазер тасвири бир неча йил давомида яратилган. Қўшиқчи голограммасини ярата олган мутахассислар ўз вақтида мусиқачи Рой Орбисон ва қўшиқчи Эми Уайнхаус голограммаларини яратиш устида иш олиб боришган.
“Концерт тури ноодатий томоша бўлади. Биз шоуни иложи борича ҳақиқатга яқинроқ қилишга ҳаракат қилдик”, деб айтган Primary Wave компаниясининг катта вице-президенти Сет Фабер.
Маълум қилинишича, бир нечта “Грэмми” мукофоти совриндори голограммаси қўшиқчининг репертуарига кирувчи I Wanna Dance With Somebody, The Greatest Love of All ва бошқа қўшиқларни ижро этади.
Мусиқа тарихидаги энг муваффақиятли қўшиқчилардан бири бўлган Уитни Хьюстон 2012 йил 11 февралда бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган.