"Манчестер Сити"нинг молиявий қоидабузарликлари бўйича суриштирувга асос бўлган маълумотларни ошкор қилган португалиялик хакер Руй Пинту ҳимоя остида қолади.
Football Leaks иши орқали танилган Пинтуни ҳимоя қилиш дастурини тугатиш тўғрисидаги қарор ҳақиқий эмас деб топилди.
jn.pt нашрининг хабар беришича, дастур янги қарор қабул қилингунга қадар амал қилишда давом этади.
Фаолияти натижасида қўлга киритилган маълумотлар "Манчестер Сити"нинг молиявий қоидабузарликлари бўйича суриштирувга асос бўлган Руй Пинту 2020 йил августидан буён махсус ҳимоя остида бўлиб келмоқда.
Ҳимоя дастури унга полиция қўриқлови остида махфий манзилда яшаш, сохта шахсий маълумотлар кўрсатилган ҳужжатлар, бепул транспорт ва яшаш харажатлари учун нафақа ажратишни назарда тутади.
2023 йил сентябрь ойида Португалияда Пинту Football Leaks иши бўйича шартли равишда тўрт йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.
Ўша йилнинг ноябрь ойида эса Францияда "ПСЖ" клубининг электрон почтасига ноқонуний киргани учун унга шартли равишда олти ойлик қамоқ жазоси тайинланган.